Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Қонликўл тумани ҳокимлиги пудратчи корхонани танлов комиссияси томонидан 2020 йил 8 сентябрдаги баённомаларига Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига зид равишда ҳақиқатда танловда иштирок этмаган «Jaras-Miyras» ва «Qanlikolshi Orazbay» масъулияти чекланган жамиятларини танловда иштирок этганлиги тўғрисида сохта маълумот киритилиб, натижада «Abdirasuliev Oraqbay» МЧЖ танлов ғолиби этиб белгиланганлиги аниқланган. Шунингдек, Қонликўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими ва «Abdirasuliev Oraqbay» МЧЖ мансабдор шахслари мансаб мавқеини суистеъмол қилиб, Қонликўл тумани Суенли каналига насос агрегати ўрнатиш ва электр тармоғини таъмирлаш бўйича 2020 йили 9 сентябрда қиймати 280,5 миллион сўмлик 1-сонли ҳамда қиймати 540,3 миллион сўмлик 2-сонли шартнома тузилган. Мазкур шартномаларга асосан амалга оширилган таъмирлаш ишлари давомида ҳар бирининг баҳоси 217,7 миллион сўм бўлган жами 653,1 миллион сўмлик 3 дона «СНПE-500/10» русумли насос агрегати ўрнатилмаган бўлишига қарамасдан, тўлиқ ўрнатилганлиги ҳақида ҳисоб-фактураларга сохта маълумот ва ёзувлар киритилиб, жами 653,1 миллион сўм бюджет маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Корақалпоғистон Республикаси Қонликўл туман бўлими томонидан Қонликўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда «Abdirasuliev Oraqbay» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Қонликўл туман прокуратурасига юборилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА