Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ННТлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун 1-танловни эълон қилади.
Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:
Ёшларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва бошқа зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишда таълим муассасаси, оила ва маҳалла институтлари билан ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш;
Оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш;
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, аёллар ва ногиронлар бандлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий корхоналарни шакллантириш;
Хотин-қизлар ва ёшларни иқтисодий, молиявий ва бизнес соҳасидаги кўникмаларини юксалтириш орқали тадбиркорликнинг турли соҳаларига кенг жалб қилиш;
“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойилини ҳаётга жорий этиш орқали аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ҳунармандчиликни рағбатлантириш борасида тарғибот ишларини олиб бориш;
Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – туман” тамойили асосида самарали ҳамкорлик тизимини жорий этиш, маҳалланинг халқ билан давлат ўртасида ишончли “кўприк” бўлишини таъминлашга кўмаклашиш;
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида аҳоли орасида маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш;
“Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя асосида ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар ёшлар бўлиб улғайишига кўмаклашиш;
“Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш;
Норасмий меҳнат миграциясини олдини олишда, меҳнат бозорида рақобатбардош бўлмаган ишчи кучи бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик назоратини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий ОАВларида кенг ёритиш.
Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
2. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг расмий www.fundngo.uz веб сайтида t.me/group_jamoat_fondi телеграм каналида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;
6. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 40 миллион сўмгача.
Ҳужжатлар 2021 йил 26 мартидан 30 апрелигача қабул қилинади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.
Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг расмий www.fundngo.uz веб сайтида ва t.me/group_jamoat_fondi телеграм каналида танишиш мумкин.
Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-86.