Пойтахтимиздаги Ўзбекистон — Япония марказида кун чиқар юрт ҳукуматининг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида навбатдаги грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Молия, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда Қорақалпоғистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул вакиллари иштирок этди.
1995 йилдан бошлаб ушбу дастур асосида тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қатор соҳалар бўйича мамлакатимиз муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида сал кам 29 миллион долларлик жами 400 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.
Бу галги грант олувчи муассасалар билан умумий ҳисобда 483 502 долларлик 6 та лойиҳа имзоланди. Томонлар келишувига кўра, ажратилган маблағ ёрдамида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда мазкур тузилманинг Фарғона, Қорақалпоғистон филиаллари, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри тиббиёт бирлашмаси акушерлик мажмуаси, Жиззах вилояти Фориш тумани тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ускуналари билан таъминланади. Шунингдек, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги кўзи ожиз ва кар ўқувчиларга ихтисослаштирилган таълим муассасасига ҳам зарур ускуналар етказиб берилади.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган илк ташрифи самараси ўлароқ, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик мутлақо янги босқичга кўтарилиб, муносабатларимиз кўлами сезиларли даражада кенгайди, — дейди кун чиқар юртнинг давлатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма. – Айни пайт бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси салбий таъсирига қарамасдан, турли соҳалардаги алоқаларимиз ривожланишда давом этмоқда. Ҳамкорлигимиз туфайли эришилаётган натижалар япон халқи Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона алоқаларни бундан кейин ҳам мустаҳкамлаш ниятида қатъий собит эканидан дарак беради.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА