Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази томонидан «ДХМ — МАҲАЛЛА — ФУҚАРО» тамойили асосида, тумандаги маҳаллаларда аҳоли ўртасида давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга, масофадан туриб электрон давлат хизматларини олиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг бирида «Нурлы келешек» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи К.Бабажанова, бундан бир неча йиллар олдин хонадонида олиб борилган таъмирлаш ишларидан кейин турар жойига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатларини топа олмаётганлигини маълум қилиб, ҳужжатларни қайта тиклашда ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат марказ ходимлари томонидан К.Бабажанова номида бўлган тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқи нотариал идорада амалга оширилган шартнома асосида вужудга келганлиги аниқланган ҳамда ушбу нотариал расмийлаштирилган ҳужжатнинг дубликати олиш тўғрисидаги мурожаати қабул қилиб олиниб, идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан тегишли нотариал архив идорасига ҳужжатнинг дубликатини бериш тўғрисида сўровнома йўлланган.

Кейинчалик сўров натижасига кўра олинган нотариал расмийлаштирилган ҳужжатнинг дубликати асосида К.Бабажанованинг хонадонига кадастр паспорти расмийлаштирилган.

Ҳужжатларни йўқотиш ҳаётда учраб турадиган, лекин камдан-кам кузатиладиган ҳолат ҳисобланади. Йўқотилган ҳужжатлар орасида кадастр ҳужжатлари бўлса, бу ҳолатда кўпчилик буни қандай ҳал қилишни билмайди. Бу вазиятда тушкунликка тушмасдан, уйингизнинг йўқолган кадастр ҳужжатини қайта тиклаш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилсангиз бўлади.

Бу қандай амалга оширилади?

– Ишни бошлаш учун дастлаб, ҳуқуқ эгаси давлат хизматини олиш учун Давлат хизматлари марказига боради. Бунда йўқолган кадастр йиғмажилди (паспорти)ни дубликатини олиш ҳақидаги сўровномани тўлдириши керак бўлади.

Энг муҳими, кадастр паспорти йўқолганда, ҳуқуқ эгасининг сўровига кўра қайта тикланган кадастр паспорти учун тўлов ундирилмайди ва уч иш куни расмийлаштирилади.

Давлат хизматлари маркази томонидан амалга оширилаётган тадбирларнинг барчаси фуқароларнинг давлат хизматларидан кўнгли тўлиб ва унумли фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир.

Зеро, Президент таъкидлаганларидек, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим».

 

 

Давлат хизматлари агентлиги

Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси

 Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими