«Қоструба» маҳалла кенгаши фуқаролар йиғини Тахтакўпир тумани марказидан 150 километр узоқда жойлашган. Ушбу ҳудуддаги 101 хонадонда 488 нафар аҳоли яшаб келмоқда.

Қозоғистон Республикаси билан чегарадош овулда яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича қатор чоралар амалга оширилмоқда. Бу ерда яшовчи хонадонларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг беғараз ёрдамида 2003 йили 25 дона қуёш батареяси ўрнатиб берилган эди. Бугунги күнгача аҳоли ушбу ускунадан фойдаланиб келмоқда.

Ҳудуддаги яна бир муаммо – бу алоқа тармоғи бўлиб, аҳоли ҳолидан хабар олиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Vertex Standart» VX-1700 русумли радиостанция ишга туширилди. Шу орқали «Мулк-Қоструба» аҳоли пунктлари ўртасида алоқа йўлга қўйилди.

Овул аҳолисини қийнаб келаётган асосий муаммолардан яна бири бу ичимлик суви масаласи. Тўғри, ҳудудда бир нечта жойда ер ости кранлари мавжуд. Аммо улардан ичимлик суви сифатида фойдаланиш соғлиққа зарардир. БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Канаданинг маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиялаштирувидаги “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси доирасида ушбу муаммо ўз ечимини топди. Жорий йилнинг февраль ойида 23-умумтаълим мактабига соатига 500 литр сувни қайта ишлаб чиқарадиган ускуна ўрнатиб берилди.

– Ушбу ускунанинг қуриб берилиши билан ҳамқишлоқларимизнинг битта муаммоси ечимини топди, – дейди «Қоструба» маҳалла кенгаши фуқаролар йиғини раиси Аловуддин Серкебоев.

– Чунки аҳоли шу кунга қадар яроқсиз ичимлик сувидан фойдаланиб келди. БМТ Тараққиёт Дастурининг беғараз ёрдами билан ўрнатиб берилган қуёш батареяларининг эскирганлиги ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши туфайли янада қувватлироғи билан алмаштириб берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Телекоммуникация тармоғи жадал суратларда ривожланаётган бугунги даврда алоқа ҳам муаммо бўлиб келмоқда. Бу бўйича тегишли идораларга ёзма равишда мурожаат қилаяпмиз. Аммо уяли алоқа тармоғини олиб келиш учун анча маблағ талаб этилар экан. Ҳомий топилиб, ёрдам берилишидан умидвормиз.

Тахтакўпир тумани ҳокимлиги мутахассисларининг таъкидлашича, 2019 йили Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ҳудудда бўлиб, аҳоли муаммолари билан танишган. Тегишли ташкилотларга уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган. Шундан сўнг овул аҳолиси фарзандлари таълим олаётган 23-умумтаълим мактабининг қўшимча янги биноси қуриб берилди. Лекин синф хоналари етишмаганлигидан ўқувчиларнинг айримлари эски бинода ўқишга мажбур бўлмоқда. Спорт ва мажлислар зали, лаборатория хоналари таъмирталаб ҳолатда. Айрим фанлардан мутахассислар етишмайди. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва туман раҳбарлари ушбу муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

Кундалик ҳаётда мана шундай муаммолар бўлишига қарамасдан овул аҳолисининг келажакдан умидлари катта, ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Албатта, жадал суръатларда тараққий топаётган мамлакатимизда чекка ҳудудларнинг муаммолари ҳам тез кунларда ўзининг ижобий ечимини топади, деган умиддамиз.

 

Довуд Абибуллаев, 

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА