Жорий йилда Учқудуқ тумани марказидан 230 км олисда жойлашган Кокаяз ва 140 километр узоқликда жойлашган Бузаубай овуллари «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида обод масканга айланади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида «Обод қишлоқ» дастури амалга ошириб келинмоқда Натижада, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам янгиланган уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканлари, қатор хизмат кўрсатиш шохобчалари янгидан бунёд этилмоқда.

Дастур доирасида Учқудуқ туманининг энг чекка ҳудудлари ҳам обод гўшалардан бирига айланмоқда. Жумладан, шу кунга қадар Жузқудуқ Қулқудуқ, Мингбулоқ, Узунқудуқ, Йўлчилар ва Шалхар овулларида «Обод қишлоқ» дастури доирсида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бузаубай овулида дастур асосида 15-умумий ўрта таълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1,2 км узунликдаги ички йўлларда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Қишлоқ врачлик пункти янгидан бунёд этилади.

Туман ҳокими С.Ҳамроев, сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот мутасаддиларидан иборат гуруҳ Бузаубай овулида бўлиб, икки кун давомида овул кўчалари, ижтимоий объектлар ва аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ишлари олиб борилишига кўмаклашади.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан овулда истиқомат қилувчи 38 нафар аҳоли вакили тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Муҳтожларга дори-дармонлар берилади.

 

Абдували Бўриев, ЎзА