“Суҳбатдошим бўлди Абдулла Ориф!..”

Президентимизнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ҳақидаги қарори билан танишар эканман, беихтиёр бу буюк истеъдод соҳиби билан замондош, бир эмас, бир неча тадбирларда ҳамкор, ҳамқадам, елкадош бўлиш, ҳатто хонадонларида дилдан суҳбатлар қуриш бахтига мушарраф бўлганлигим бир-бир хаёлимдан ўта бошлади.

…Талабаликнинг энг қайноқ дамларида бир хонада туғишган ака-укалардек яшаган, айни кунларда тарих фанлари доктори, профессорлик илмий даража ва унвонларига эга бўлган дўстим Икромиддин Остонақулов “Жаноб” журналида бундан 5 йил муқаддам чоп эттирган мақоласига “Тақдир эркалатди бизни ҳар қалай” – Абдулла Орифга бўлдик замондош…” деган сатрларни бежиз сарлавҳага олиб чиқмаганлигини ўйладим ва унга қўшилиб ич-ичимдан шукроналик ҳиссини туйдим. Ҳа, бизга Абдулла Ориф билан замондош бўлиш, нафақат замондош, суҳбатдош, маслакдош бўлиш насиб қилди ва буларнинг ҳар бирига кучли истак ва шунга яраша озгина журъат ҳамда омад сабаб бўлди. Шундай қилмаганимизда ўзимизни кечиролмаган ва ҳатто гуноҳкор ҳис этган бўлар эканмиз. Бу мавзуда шоирнинг ўзида шундай сатрлари бор:

Кундуз қуёш эмиш, тунда моҳ эмиш,

Неки содир бўлса,  

инсон гувоҳ эмиш.

Ёнингда донишманд яшаса-ю,  

Гар суҳбатин олмасанг,  

бу ҳам гуноҳ эмиш.

Абдулла Орипов билан кечган ҳар галги суҳбатнинг ўзи бир – тарих, ўзи бир – достон. Вақти-соати билан уларнинг ҳар бирини қоғозга муҳрлаш ниятимиз йўқ эмас. Ушбу мақолада уларнинг энг сўнггиси ва энг таъсирчани ҳақидаги фикрларимизни баён этамиз. 2015 йил 8 декабрь. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 23 йил тўлган бу тарихий санада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги масканида дам олиб, ижод қилаётган Ўзбекистон халқ шоири, фарғоналик таниқли адиб ва драматург Охунжон Ҳакимов билан куни кеча Америка Қўшма штатларидан даволаниб қайтган Абдулла Ориповнинг Дўрмондаги ҳовлисига ҳол сўраш баҳонасида зиёратга кириб бордик. Биздан олдин бу табаррук хонадонга “Халқ сўзи” газетасининг бош муҳаррири Ўткир Раҳмат ҳам турмуш ўртоғи билан ташриф буюрган экан. Жуда мазмунли, мароқли ва самимий суҳбат чоғида севимли шоиримиз Америка таассуротларини, жумладан, у ерда унга Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилганлиги учун “Италия юлдузи” ордени тантанали равишда топширилганини гапириб берди – Америкада ёзган шеърларингиздан ҳам ўқиб берсангиз, – дея илтимос қилдик севимли шоиримиздан.

– Менинг Америкадаги ҳар бир куним Ватанни қўмсаш, дўст-у ёрни соғиниш, керак бўлса, узр-маъзур сўраш билан ўтди, дейишим мумкин, – дедилар Абдулла ака ва бунинг тасдиғи сифатида “Китоб дунёси” газетасида босилиб чиққан “Узр” номли қуйидаги шеърни ўқиб бердилар:

Шоир дейди: – Топдим шон-шуҳрат,

Хаёлимни нурга ўрайман.

Ҳасадгўйлар кўп экан фақат,

Мен улардан узр сўрайман.

Бемор дейди: – Ўлдим, тирилдим,

Энди жонни зарга ўрайман.

Бетобликда безовта қилдим,

Дўсту ёрдан узр сўрайман.

Чақалоқ дер: – Салом, эй олам,

Сени шаксиз гулга ўрайман.

Остонангда турибман мен ҳам,

Замин, сендан узр сўрайман…

Не бахтки, орадан бир кун ўтиб, яъни 2015 йил 10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган куни яна олим ва шоирлар билан қутлуғ мадҳиямиз муаллифини табриклаб киришимизга тўғри келди. Ўз-ўзидан суҳбат мавзуси мадҳиямиз матнининг яратилиш тарихи, унинг илк бор куйланиши ҳақида бўлди. Бу суҳбатдан жуда катта таассурот олганимдан бўлса керак, ўша куни дўрмондаги ёзувчилар ижод боғида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясига бағишланган “Мадҳиямиз – мадҳимиз” деган шеърим дунёга келди. Минг афсуски, ўша кунги дийдорлашув бизнинг Абдулла Орипов билан юзма-юз қурган энг сўнгги гурунгимиз бўлиб қолди. Бироқ шоир билан мулоқотлар бу билан тугаб қолмайди. Эндиги суҳбатлар у қолдирган маънавий мерослар – китоблар орқали бўлади. Бу тун ҳам худди шундай бўлди. Туни билан мутолаа орқали бўлиб ўтган хаёлий мусоҳабадан ушбу мақола ва қуйидаги тўртлик қолди:

Яна бедорликда ўтди бир туним

Ва лекин қолмадим чарчаб ё хориб.

Уйғоқ қалб бир зум ҳам билмади тиним,

Суҳбатдошим бўлди Абдулла Ориф!..

Сиддиқ Мўмин,

Фарғона давлат университети профессори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

ЎзА