Пойтахтимизда Президентимиз раислигида жорий йилда уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Жорий йилда уй-жой қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилиши кутилмоқда.

Жумладан, ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.

Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Мисол учун, қишлоқларда 54 квадрат метрли квартира (ўртача 216 миллион сўм) олмоқчи бўлган оила 33 миллион сўмлик дастлабки бадалнинг фақат 11 миллион сўмини тўлайди, 22 миллион сўми бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бу оила имтиёзли даврда ойига 1 миллион 500 минг сўм кредит тўласа, қолган 1 миллион 100 минг сўмини ҳар ой давлат қоплаб беради.

Шунингдек, қурувчи ташкилотларга пандемия даврида берилган имтиёзлар жорий йил якунигача узайтирилади.

Жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қурувчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилади.

– Оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оилалар, айниқса, аёллар ижтимоий ижара асосида уй-жой билан таъминланади,-деди Президент. -Бунинг учун ҳудудларга 1 мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилади.

Президентимиз вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жойлардаги аҳволдан келиб чиқиб, ижтимоий ижарани кенгайтириш бўйича қўшимча чораларни кўриши лозимлигини таъкидлади.

Мисол учун, ҳозирги кунда хусусий сектор томонидан эҳтиёжманд оилаларга берилаётган уйларнинг ижара ҳақининг 50 фоизига субсидия беришни йўлга қўйиш мумкин.

Биргина Olx.uz электрон порталида ойлик ҳақи 1 миллион сўмгача бўлган 500 та уйни ижара бериш тўғрисида эълонлар жойлаштирилган.

Ёки, фойдаланилмаётган ётоқхоналарни ҳокимиятлар томонидан таъмирлаб, ижтимоий ижарага берса бўлади.