Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда батафсил муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида шу кунгача кўпчиликни қизиқтириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг юртимиздаги асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, шунингдек, сиёсий бошпана бериш масалалари аниқ нормаларда акс эттирилмоқда.

Бугунги кунда бу соҳада қонун даражасига эга бўлмаган 25 дан ортиқ тартибга солувчи ҳужжат мавжуд бўлиб, буларнинг ҳаммаси яхлит қонунда ўз аксини топмоқда.

Ҳар қандай чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бирор бир давлатга сармоя киритиш, туризм, меҳнат фаолиятини юритиш, таълим олиш ёки бошқа мақсадларда бормоқчи бўлса, ўзининг ўша юртда қонун билан белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларини билишни истайди.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга юртимиздаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ягона ҳужжатдан билиб олиш имкониятини яратади.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи картаси ҳамда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш (ундан чиқиш) ва унинг ҳудудида бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳаракатланиш ҳужжатлари тушунчалари киритилмоқда.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг халқаро ҳужжатлар билан белгиланган асосий ҳуқуқ ва эркинликлари миллий қонунчиликда ўз ифодасини топиши юртимизга хориждан юқори малакали мутахассисларнинг, инвесторларнинг ҳамда сайёҳларнинг оқими ортишига замин яратади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев,

ЎзА