Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган инсонларнинг ижтимоий-рўҳий ҳолатини аниқлаш, яхшилаш, ҳаётга қайта мослашувини таъминлаш муҳим масалалардан ҳисобланади.

Шу билан бирга, жазо муддатини ўтаб қайтган фуқароларни қайта тарбиялаш, уларга психологик кўмак бериш, керакли касбий кўникмаларни эгаллаши ва меҳнат тақсимотига жалб этиш учун зарурий чора-тадбирларни йўлга қўйиш жиноятчилик ҳолатлари қайта такрорланмаслигининг асосий омилларидан саналади.

Жаҳондаги ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатмоқдаки, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлар билан ишлаш муайян тизимли чора-тадбирларни тақозо этади. Бу борада Канада, Норвегия, Франция, Англия, Япония, Россия тажрибалари эътиборга лойиқ.

Канадада пенитенциар (жазони ижро этиш) тизимнинг моҳияти маҳкумларнинг жазони ўташ муддатига асосланади. Хусусан, 2 йил ёки ундан кўп муддатга ҳукм қилинганларнинг шартли равишда озод қилиниши устидан назорат давлат федерал ташкилотига, 2 йилдан кам муддатга ҳукм қилинганлар учун эса Канада тузатиш хизмати  (the Correctional Service of Canada (CSC)) томонидан амалга оширилади. 13 та провинция ва ҳудуднинг ўз тузатиш хизматлари фаолият кўрсатади.

Канада «Тузатиш ва шартли озод қилиш тўғрисида»ги қонунга асосан Канада тузатиш хизмати (КТХ) маҳбусларнинг жамиятга мослашуви масаласида ўз зиммасига қуйидагиларни олади: васийлик, реабилитация ва интеграция дастурлари, озод бўлишга тайёрлаш, озод этилганлар устидан назорат ҳамда давлатнинг таълим дастурларини амалга ошириш.

Маҳбусларнинг жамиятга қайта мослашувида жазони ижро этиш муассасасида белгиланган чора-тадбирлар Канада ёндашувининг ўзига хос жиҳатларини намоён этади. Жамоатчилик иштироки жазони ижро этиш муассасалари (ЖИEМ)даги маҳбуснинг ижтимоийлашувида муҳим ўрин тутади.

КТХ шу йўл орқали волонтёрлар (кўнгиллилар) хизматидан фаол фойдаланади. Кўнгилли фуқаролар ЖИEМга ташриф буюриб, ўз малака ва кўникмаларини маҳбусларга ўргатишади, улар билан турли мавзуларда суҳбатлар олиб боришади, ҳар хил маданий тадбирлар уюштиришади. Бу борада КТХ фуқаролик маслаҳат қўмиталари (Citizen Advisory Committees – CAC) билан фаол ҳамкорлик қилади.

Мазкур қўмита маҳбуслар ва жамоатчилик орасидаги мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйилишида кўмаклашади. Бундай қўмиталар ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида мавжуд бўлиб, унинг таркибига талабалардан тортиб нафақадаги шахсларгача аъзо бўлишган.

Шундай қилиб, маҳбусни тарбиялашда нафақат давлатнинг иштироки, шу билан бирга кенг жамоатчилик вакилларининг ҳам ўрни беқиёс аҳамият касб этади. Фуқаролик маслаҳат қўмиталари 3 асосий вазифа: назорат, маслаҳат ва алоқаларни қўллаб-қувватлашни амалга оширади.

Назорат функцияси орқали улар тузатиш хизматларининг фаолияти устидан кузатувни йўлга қўяди. Бу усул мамлакатимизда жамоатчилик назорати деб ҳам аталади. Фуқаролар маҳбусларнинг тарбиялаш ишини қандай ва қайси йўсинда кечаётганини билиб боришлари мумкин бўлади.

Маслаҳат функцияси орқали фуқаролик маслаҳат қўмиталари тузатиш хизматлари билан ҳамкорликда режа ва дастурлар, лойиҳаларни жорий этишни келишиб олишади.

Алоқаларни қўллаб-қувватлаш функцияси тузатиш хизматларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш, мазкур хизматларнинг хато ва камчиликларини тузатиш, умуман олганда келгусидаги фаолиятни ривожлантириб боришда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутади.

МАҲБУС УЧУН ТИББИЙ ХИЗМАТ

Канада жазони ижро этиш муассасаларида ижтимоий ҳимоя тизими самарали йўлга қўйилган. Канада тузатиш хизмати томонидан ҳар бир маҳбус учун тиббий хизмат кафолатланади. Унда тиш шифокори кўриги, психиатр кўриги ва бошқа тиббий хизматлар қамраб олинган. Буни маҳбусларнинг реабилитациясида энг илғор тажрибалардан деб айтиш мумкин. Сабаби, аксарият ривожланаётган давлатлардаги қамоқхоналарда маҳкумлар етарли тиббий, маданий, таълим хизматларига эга бўлишмайди ва бу уларнинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Натижада ЖИEМдан қайтганлар олдида нафақат моддий ва руҳий ҳолатини яхшилаш, балки саломатлигини тиклаш каби муҳим вазифалар туради.

Канада тузатиш хизмати томонидан алоҳида оилаларнинг (маҳбусларнинг оиласи эмас) ЖИEМга ташрифи ҳам кўзда тутилган. Мазкур усул маҳбусларнинг жамиятдан ажралиб қолмасликлари, ижтимоий ҳаётга янада яқинлаштириш мақсадида амалга оширилади (оилаларнинг ташрифи фақат белгиланган ЖИEМларга қилинади).

Бундан ташқари “Prison Fellowship Canada” (Канада маҳбуслари учун христиан раҳмдиллиги ташкилоти) томонидан “pen pal” дастури йўлга қўйилган бўлиб, маҳбусларни кўнгилли ёзувчилар билан яқинлаштиради. Бу дастур асосида маҳбуслар ташқи олам билан яқинлашса, ёзувчилар ўз асарлари учун қимматли ғояларга эга бўлишади.

Канада тузатиш хизмати томонидан ҳар бир маҳбуснинг шахсий анкеталари юритилади. Мазкур анкетада жазони ижро этаётган инсоннинг қизиқишлари, мақсадлари, келгуси режалари умуман олганда кўплаб шахсий маълумотлари баён этилган бўлади. Ўз навбатида анкета хулқ-атворни баҳолаш функциясини бажариб, маҳбусларни хавфлилик даражасига кўра классификация қилишга (таснифлашга) ёрдам беради.

Анкетада тўпланган кенг кўламли маълумотлар асосида КТХ маҳбусни тузатиш, келгусида ижтимоий ҳаётга мослашиб кетишини таъминлаш бўйича режа ишлаб чиқади. Ушбу режа маҳбусларга пенитенциар қоидаларга риоя қилиш, турли дастурларда фаол қатнашиш, суд томонидан чиқарилган талабларни бажаришда ёрдам беради.

Мазкур механизмларнинг ҳар бир маҳбус учун индивидуал тарзда қўлланилиши эътиборга лойиқ. Даврий баҳолаб бориш, улар билан режа асосида ишлаш маҳбусларнинг келгуси ҳаётда ижтимоий мослашувини таъминлашда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Канада тузатиш хизмати томонидан маҳбусларни қайта тарбиялашда таълим, касб ва бандлик тадбирларига алоҳида эътибор қаратилади. КТХ махсус бандлик дастури – CORCANга эгалик қилади. Ушбу дастур маҳбусларнинг касбий тайёргарлигини аниқлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш масалалари билан шуғулланади. Эътиборли жиҳати дастур маҳбусларга нафақат жазони ижро этиш муассасасида, балки озодликка чиққандан кейин ҳам бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

2015 йил февралда бўлган доимий комиссия йиғилишида КТХ комиссари Дон Хед CORCANнинг бандлик дастури орқали 4000 дан ортиқ маҳбуслар «реабилитация» қилинганини таъкидлаган[4]. Қайд этиш лозимки, мазкур дастур доирасида фаолият юритаётган маҳбуслар тўртта: ишлаб чиқариш, қурилиш, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади. Бундан кўзланган мақсад маҳкумларнинг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашишидан иборат.

АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАР

Қайд этиш лозимки, Канада тузатиш хизмати маҳкумларни жазо муддати тугагунча ушлаб ўтирмайди. Улар жазони фақат бир қисмини ЖИEМда ўтказишади. Ундан кейин улар пробация хизмати ихтиёрига берилади ва шартли равишда жамиятга қайтарилади. Пробация хизмати собиқ маҳкумларни жамиятга мослашишини таъминлаш мақсадида индивидуал иш режа тузишади ва уни назорат қилишади. Бу каби лойиҳаларда волонтёрлар ҳам иштирок этишади ва собиқ маҳкумни жамиятга мослашишига кўмаклашишади. Волонтёрларнинг ҳам бу борада махсус жамоат ташкилотлари мавжуд. Шулардан бири “Give Back Society” (жамиятга қайтариш ёки ижтимоийлаштириш) деб номланади.

Хулоса қилиб айтганда, Канада маҳкумларни жамиятга қайта мослаштиришда қуйидаги асосий тамойилларга таянади.

  • ЖИEМда маҳкумларни тарбиялаш, қайта ижтимоийлаштириш билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирок этишмайди. Бу борада махсус – Тузатиш хизмати шуғулланади;
  • ЖИEМда яратилган шароитлар натижасида маҳкум ўзини жамиятдан узилиб қолгандай ҳис қилмайди;
  • собиқ маҳкумларни жамиятга қайтаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), кенг жамоатчилик вакиллари, волонтёрлар фаол иштирок этишади;
  • жамиятга мослаштиришда маҳкумларнинг ўз оилалари билан узвий алоқа таъминланади, улар оиласидан ажралиб қолишларига йўл қўйилмайди;
  • ЖИEМда яратилган шарт-шароитлар маҳкумлар учун ижтимоий ҳаётда зарур бўлган кўникмаларни шакллантиради.

С.Хўжаев, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот

институти, бўлим бошлиғи,

Ш.Рашидов, таянч докторант