Ватанимиз тарихидаги 3 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1546 йил (бундан 475 йил олдин) – ҳижрий 952 йил зулҳижжа ойининг охирги куни (милодий 1546 йил 3 март)да тарихчи, давлат арбоби Мирзо Ҳайдар (1499–1551) Кашмирда ўзининг форс тилидаги “Тарихи Рашидий” асарини ёзиб тугатди. Мазкур асар Шарқий Туркистон, Қозоғистон ва Ўрта Осиё тарихига оид қимматли манбадир. Бу асар “Бобурнома” каби мемуар адабиётнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Асарнинг қўлёзма нусхалари анчагина, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида ҳам бир нусхаси мавжуд. “Тарихи Рашидий” Европада инглиз тилига ўгирилиб чоп этилди. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мазкур асар олимлар томонидан ўзбек ва рус тилларига тўла илмий таржима қилинди ва босилиб чиқди.

1866 йил (бундан 155 йил олдин) – ўзбек дорбозлар сулоласи асосчиси, Ўзбекистон ва Россия халқ артисти, Меҳнат Қаҳрамони Тошканбой Эгамбердиев таваллуд топди (вафоти 1963 йил). У ўз фаолиятини 7 ёшидан бошлаб, отаси Эгамберди ҳожи билан халқ байрам ва сайилларида, шаҳар майдонларида дорбозлик ўйинларини намойиш этишдан бошлаган. Ўн тўққизинчи асрнинг 80-йилларидан бошлаб мустақил ишлаган, дорбозлик ва симбозлик санъатини мукаммал эгаллаган.

Тошканбой Эгамбердиев 1908 йил Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон саноат ва ҳунармандчилик кўргазмасида қатнашиб, “энг яхши дорбоз ва симбоз” деб топилган, олтин медаль ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланган. 1935 йилда Санкт-Петербург циркида унинг раҳбарлиги ва иштирокида “Дорбозлар” миллий дастури яратилиб, дор ўйинлари илк бор очиқ майдондан цирк гумбази остига кўчирилади.

Кекса дорбоз 1942 йилда ўзбек цирки жамоасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди. 1947 йил 81 ёшида сўнгги марта дорга чиқди. У 1950–1956 йилларда Тошкент циркининг бадиий раҳбари бўлди.

1925 йил (бундан 96 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати ҳузурида Бобон Мавлонбеков раислигида “Давлат аппаратини маҳаллийлаштириш Марказий комиссияси” тузилди. Акмал Икромов, Раҳим Иноғомов ва бошқалар унга аъзо бўлишди. Марказий комиссиянинг Самарқанд, Зарафшон, Тошкент, Фарғона ва бошқа вилоятларда ҳам бўлимлари ташкил қилинди.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати ва Фанлар академиясининг ташаббуси билан Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Озарбайжон Фанлар академияси Президентларининг учрашуви бўлди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон Фанлар академияси Президентлари Фанлар академияларининг илмий ва илмий-техникавий ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномага имзо чекдилар.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.

2015 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилоятида спортнинг миллий кураш турини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади