Шу йилнинг 1 март куни Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулистон Аннақиличева Нукус Давлат Педагогика Институтида Ўзбекистон халқининг севимли халқ шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова таваллудининг 106 йиллигига бағишланган адабий анжуманда иштирок қилди ва нутқ сўзлади.

Қорақалпоғистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулистон Аннақиличева – Матёкубова ўз сўзини «Баҳор ёдга тушар уни эслаган оним, Баҳор билан эгизакдир Зулфияхоним», деб бошлади.

Шунингдек у Истиқлол шарофати билан биз миллатимизнинг бошқа буюк истеъдодлари сингари ардоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам чинакамига қадрлаш имконига эга бўлдик,–деб ўз сўзини давом эттирди.

Шоира номида давлат мукофоти таъсис этилди. Ижодда унинг анъаналарини муносиб давом эттираётган юзлаб қизларимиз ана шу мукофотга сазовор бўлаётир. Энг муҳими, адабиётга бўлган бундай юксак эътиборни биз ҳар доим, мунтазам равишда ҳис этиб турибмиз. Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг адабиётга, санъатга, маданият ва маънавиятга эътибори ижтимоий ва маданий ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишларда намоён бўлмоқда.

Зеро, Зулфияхоним сабру матонат рамзи бўлган ҳаёти билан ҳануз муҳаббат ва садоқатдан сабоқ бериб келаётир. Маънавий жасорат тимсоли бўлган пок эътиқоди, ўлмас асарлари билан авлодлар қалбида мудом барҳаётдир, деб кўрсатиб ўтди.

Анжуман олийгоҳ талаба ёшлари иштирокида концерт дастури билан давом этди ва ёшларда катта таассурот қолдирди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги