Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Қорақалпоғистон Республикасида муборак Рамазон ойи арафасида қатор хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур фонд бошқарув кенгаши раиси Яҳё Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси Шамсуддин Бауатдинов Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти талабалари билан учрашди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган фонд томонидан ўтган давр мобайнида масжидлар ва диний таълим юртларини қуриш ва таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар билан талабаларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатилди. Талабаларга ойлик рўзғор, дарсликлар ва зарур инвентарлар топширилди.

Қўнғирот туманидаги «Ҳаким Сулаймон» жоме масжиди имом ноиби, бир неча йил «Қорақалпоғистон» шаҳарча фуқаролар йиғинида масжид вакили бўлиб фаолият олиб борган Муҳаммад-Али Мамутов коронавирус пандемияси даврида вафот этган эди. Изида аёли ва уч нафар фарзанди қолди. «Вақф» хайрия жамоат фонди ва ҳомийлар томонидан унинг оиласига Нукус шаҳридан барча қулайликларга эга уч хонали уй совға қилинди. Фарзандларига ҳам совғалар топширилди.

– Навбатдаги ташрифимиздан кўзланган мақсад, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, диний таълимни ривожлантириш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси Яҳё Абдураҳмонов. – Бундан ташқари, ҳудуддаги ичимлик суви муаммосини ҳисобга олган ҳолда муборак Рамазон ойи арафасида чекка овуллардан 20 та қудуқ қазиб бермоқчимиз.

Хайрия тадбирлари халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват ва инсонпарварлик каби азалий қадриятларимизнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА