2021 йил 2 март куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳми билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда университет ректори Гулчеҳра Рихсиева мартабали меҳмонга Миср олий таълим муассасалари билан қисқа фурсат давомида ҳамкорликда амалга оширилган қўшма тадбирлар  ҳамда арабшунослик соҳасида истиқболда режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, элчихона ходимларига доимий мулоқотда бўлгани ва тизмили олиб борилаётган ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Элчи Амира Фаҳми Миср олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, арабшуносликни ривожлантириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун университет раҳбариятига ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Учрашувда Миср олий таълим муассасаларининг арабшунос мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Миср тарихи, маданиятини ўрганиш бўйича ишларни кенгайтиришга қаратилган қўшма маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича фикр алмашилди.

Амира Фаҳми ТДШУ Араб филологияси кафедраси ҳузурида Миср маданият марказини ташкил этиш таклифини ҳамда университетнинг Миср олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги тадбирлар қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Шундан сўнг элчи ТДШУда ташкил этилган “Миср ойлиги” лойиҳаси доирасида арабшунос талабалар ўртасида араб ёзуви хаттотлиги, араб тили бўйича нотиқлик санъати, “Мисрни биласизми?” викторинаси ҳамда талабаларнинг бадиий чиқишлари бўйича ўтказилган кўрик-танловларда иштирок этди. Танловларда араб тили, Араб мамлакатлари тарихи, иқтисодиёти ва сиёсатини ўрганувчи талабалар, лицей ўқувчилари қатнашди.

Ғолиблар Миср Араб Республикаси элчихонаси томонидан тақдирланди.

 

Элёр Маҳмудов,

ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори