Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг Фарғона филиали тажриба хўжалигида бўлиб, ғалла ўрими ва ғўза парваришини кўздан кечирди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун юксак самаралар бермоқда. Ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиб, фермер хўжаликлари пахта ва ғалла етиштиришда салмоқли натижага эришмоқда. Шу кунларда Фарғона вилоятида 13 минг 987 фермер хўжалиги пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, боғдорчилик каби йўналишларда фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда кўп тармоқли фермер хўжаликлари тобора кўпайиб бормоқда.

Фарғоналик деҳқонлар азалдан пахта ва ғалла етиштириш, боғдорчилик соҳасида катта тажриба тўплаган. Фермер хўжаликларида ғўза парвариши агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда. Ғалла ўрими қизғин давом этмоқда.

Мазкур тажриба хўжалигида 21,3 гектарда ғўзанинг “ЎзФА-710”, 9,2 гектарда ғалланинг “Яксарт” нави экилган. Ғалла ҳосили пишиб етилиб, ўриб олинмоқда. Хўжаликда йигирмадан зиёд киши меҳнат қилади, пахта ва ғалладан ҳар йили мўл ҳосил олинмоқда. Давлатимиз раҳбари ғалла йиғим-теримида иштирок этаётган фермерлар билан мулоқот қилди.

Нон – энг азиз неъмат. Ғаллачиликни ривожлантириш, истиқболли, серҳосил навларни яратиш, ҳосилдорликни ошириш бўйича барча чораларни кўриш олимларимиз ва деҳқонларимиз олдидаги муҳим вазифалардандир. Бунинг учун фан ва амалиёт ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур, деди Президентимиз.

 

Умар Асроров, ЎзА