Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари Ташқи ишлар вазирлигида ташкил этилган тадбирда муҳокама қилинди.
Анжуманда вазирлик ва тизим таркибига кирувчи бўлинмалар раҳбарияти, ходимлари, видеоконференцалоқа орқали хорижий давлатлардаги ўзбек дипломатлари, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирок этди.
Тадбирни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев очди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори Исмоил Саифназаров Президентимиз Мурожаатномасида жорий йил ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш бўйича белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар ҳақида сўзлаб берди.
Бугунги кунда ТИВ ва Ўзбекистоннинг хорижий ваколатхоналари фаолиятига янгича ёндашилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг натижасида эндиликда турли соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилишда элчихоналаримиз ходимлари, дипломатларимиз фаол иштирок этмоқда. Қолаверса, республикамиз ва ҳудудларимиз экспорт салоҳияти халқаро кўламда кенг тарғиб қилинмоқда, маҳаллий бошқарув органлари вакиллари, тадбиркорлар, экспортчилар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйиляпти.
Учрашув давомида давлатимиз раҳбари томонидан миллий тараққиётнинг устувор йўналишлари ва Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор яратиш бўйича қўйилган долзарб вазифаларни бажариш жараёнида республикамизнинг барча вазирлик, идоралари, ташкилотлари чет элдаги ватандошларимиз ва халқаро шериклар иштирокида биргаликда саъй-ҳаракат қилиши зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Мурожаатномада жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш ва модернизациялашга доир кенг кўламли дастурни амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратадиган самарали ташқи сиёсат юритиш масаласи муҳим ўрин эгаллагани таъкидланди. Республикамиз ташқи сиёсий стратегиясини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги фаолиятнинг янгиланган концепциясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.
Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллашиши барқарор ички ривожланиш учун қулай ташқи муҳит шакллантиришни тезлаштириш, халқаро майдонда мамлакатимиз манфаатини самарали илгари суриш ва жаҳон бозорида миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини изчил равишда оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Анжуман иштирокчилари мунозара чоғи Ўзбекистоннинг очиқ, ташаббускор ва конструктив ташқи сиёсати изчиллигини таъминлаш вазирлик фаолиятида бирламчи эканини таъкидлашди. Ташқи сиёсатнинг барча жабҳалари бўйича Мурожаатномада белгиланган вазифалар ва топшириқларни бажариш механизми ТИВ ва Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари 2021 йилги иш режасига киритилган. Айни жараён республиканинг тегишли вазирлик, идоралари ҳамда хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ташқи ишлар вазирлиги сайти