Мансабдор шахслар билан боғлиқ жиноятлар мундарижасида илгари порахўрлик кўпроқ кузатилган бўлса, энди корхона ёки ташкилотга тегишли мулкни ўзлаштириш “мода” тусини олган.
Бухорода фош этилган бир ҳолатда 263,4 миллион сўмлик давлат мулки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Бухоро шаҳар маданият бўлими собиқ раҳбари В.Н. ва бошқалар маданият бўлимига тегишли 24 дона 89,8 миллион сўмлик рангли “LED” экранларини белгиланган талабларга зид равишда ҳисобдан чиқаргани ҳамда вилоят маданият бошқармасидан қабул қилиб олинган 173,6 миллион сўмлик “LED” экранларини Бухоро шаҳар маданият бўлимига топширмасдан, шунча давлат мулкини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан В.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
2020 йил давомида республика бўйича жами 1 минг 148 жиноят иши бўйича 1 минг 723 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, уларнинг 835 нафари мулкни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган.
Рақамлар мансабдор шахсларнинг ўзлаштиришга “урғу” бераётганини кўрсатиб турибди.
Жиноятларнинг 227 нафари фирибгарлик, 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 58 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 25 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 16 нафари мансаб сохтакорлиги ва 399 нафари бошқа жиноятларни содир этган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1 минг 669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 355,7 миллиард сўми ундирилган.
Ўзлаштиришлар буюмлар билан боғлиқ бўлган ҳолатларда уларни аниқлаб, ундирилаётгани яхши, албатта. Бироқ, бу ҳолат инсон ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ соҳаларни четлаб ўтмаётгани ачинарли. Қурилишдаги ўзлаштиришлар оқибатида қулаётган бинолар, ўпирилиб тушаётган тўғонлар бунга яққол мисолдир.
Масъул лавозимга тайинланаётган шахсларга шу соҳани ривожлантириш масъулияти юкланади. Лекин уларнинг кўпчилиги мансабга ўтириши билан ўз шахсий манфаатларини ўйлай бошлаши бугун оддий ҳолга айланиб қолгани таассуфли.
Юқорида қайд этилганидек, шунча раҳбарнинг жавобгарликка тортилгани эса “ҳалоллик вакцинаси” қоғозларда қолиб кетаётганини англатади.
Норгул Абдураимова, ЎзА