Жорий йил 15 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 апрелдаги “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги 1-сон республика клиник шифохонаси негизида марказнинг кўп тармоқли клиникаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида марказнинг филиаллари очилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

– соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатувчи раҳбар ходимлар ва тиббиёт ходимлари ҳамда тиббий муҳандис-техник ходимларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, шунингдек, ушбу йўналишда фаолият кўрсатувчи муассасалар фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш;

– малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим жараёнларини ташкил этишда илм-фанни ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида инновация ишларини кенг жорий этиш;

– таълим жараёнини назарий ва амалий кўникмаларнинг узвийлигида ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари, масофадан ўқитиш ва телемедицина услубларини ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш.

Қарор билан марказнинг мақоми белгиланиб, молиялаштириш манбалари тасдиқланди.