Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ўртасида видеоконференция шаклида музокара бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ўзбекистонда давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни юқори баҳолади. “Прагматик Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқаро ҳамжамият томонидан бир овоздан эътироф этилаётган Ўзбекистондаги чуқур таркибий ўзгаришларнинг ёрқин натижаларидан илҳомланамиз”, – деди Холид Ал-Фалиҳ суҳбат чоғида.

Саудия компанияларининг Ўзбекистон энергетика соҳасидаги тажрибаси ижобий баҳоланди – ўтган йил 5 мартда «ACWA Power» компанияси раҳбарияти билан Сирдарё вилоятида қиймати 1,2 миллиард долларга тенг иссиқлик электр станцияси қуриш бўйича келишувга эришилди. «ACWA Power» компанияси лойиҳаси ҳамкорлигимизнинг муваффақиятли намунаси ҳисобланади. Шу билан бирга, биз фақат энергетика соҳасидаги лойиҳалар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Биз турли соҳалардаги шериклигимизни сезиларли даражада ошириши мумкин бўлган икки томонлама тадбирлардан аниқ натижалар кутмоқдамиз», – таъкидлади Холид Ал-Фалиҳ.

Саудия томони икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва ишбилармон шерикликни ўрнатишга қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан жаноб вазир бошчилигида ой охиригача Саудия ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Ташриф доирасида бир қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, инвестициявий ҳамкорликнинг мавжуд имкониятлари, биргаликда амалга ошириладиган аниқ лойиҳалар тақдим этиладиган Ўзбекистон-Саудия бизнес-форуми, ҳар икки мамлакат савдо-саноат палаталарини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши, шунингдек, энг истиқболли ва ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳалари бўйича аниқ келишувларга эришиш учун «G2G», «G2B» ва «B2B» шаклларида учрашувлар ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Сирдарё вилоятидаги иссиқлик электр станцияси қурилиши тамал тошини қўйиш маросимини ўтказиш, Ўзбекистон Республикасида 1,4 миллиард долларлик шамол электр станцияси қуриш учун «АCWА Pоwеr» билан инвестиция битимини имзолаш, шунингдек, Ширин шаҳрида энергетика коллежини очиш режалаштирилган.

Музокара давомида томонлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида кооперация учун қулай шароит яратишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Инвестициялар вазирлиги ўртасида яқин ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришдилар.

Шунингдек, видеоконференция якунида томонлар инвестициявий ҳамкорликнинг қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт сектори каби янги истиқболли йўналишларини ўрганишга тайёр эканликларини билдириб, аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш учун биргаликда тизимли иш олиб боришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдилар.

ЎзА