«Effect.uz» ахборот агентлиги ходимлари томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди фаолиятига оид лавҳа юзасидан Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёнот берди.
Лавҳада акс этган «Effect.uz» ходимларининг суд раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни ўта қўпол тарзда талаб қилиши журналист одобига зид хатти-ҳаракат, суд мустақиллиги ва судья дахлсизлигига очиқдан очиқ тажовуз ва ҳурматсизлик, дейилади баёнотда.
Шунингдек, кенгаш матбуот хизматининг таъкидлашича, журналист ёки блогерларнинг очиқ суд мажлисида иштирок этишига ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ, процессуал қонунчилик талабига кўра, суд жараёнини тасвирга олинишига рухсат бериш (тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда) суд мажлисига раислик этувчи томонидан ҳал этиладиган масала.
«Effect.uz» ходимлари ўрнатилган тартибга риоя қилмасдан суд мажлисига рухсатсиз ва видеокамерани ёққан ҳолда кириб, туман суди иш юритувидаги фирибгарликда айбланаётган И.Х.га оид суд жараённи видеотасвирга тушириш ҳақида оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилади. Унинг илтимосномаси раислик қилувчи томонидан (тарафлар фикрини инобатга олган ҳолда) рад қилингач, журналист судланувчининг яқин қариндошлари билан яна жанжал кўтариб, судга намойишкорона ҳурматсизлик кўрсатади.
Юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракати, хусусан, судга ҳурматсизлик қилгани ва раислик этувчи судья ва ИИБ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани ҳолати бўйича тузилган материал юзасидан суриштирув олиб борилаётган бир пайтда «Effect.uz» ходимлари ҳолат бир томонлама талқин этилган иккинчи лавҳасини ижтимоий тармоқларда намойиш этади.
Бу суриштирув ишларига таъсир ўтказиш, судлар фаолияти ва судьялар дахлсизлигига навбатдаги ҳурматсизлик ҳамда журналист томонидан бугунги очиқлик сиёсатини ҳамда ўз ваколатини суиистеъмол қилишдан бошқа нарса эмас.
Шунга кўра, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш сўрови билан Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон Бош прокурорига номига тақдимнома киритилди.
Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.