15 январь куни Марказий Осиё халқаро институти Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда “Марказий Осиё мамлакатлари билан амалий ҳамкорлик истиқболлари ва минтақавий тадқиқотларнинг долзарб масалалари” мавзуида давра суҳбати ўтказди.

Унда илмий-эксперт доиралар вакиллари, жумладан, Марказий Осиё халқаро институти, Ўзбекистон Республикаси  Президенти ҳузуридаги  Стратегик  ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети  вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатларидаги элчилари ҳам ўз маърузалари билан қатнашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида Марказий Осиё мамлакатлари билан кўп асрлик дўстлик алоқалари, яхши қўшничилик муносабатлари, стратегик шериклик ва ўзаро ишончни мутаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг  энг устувор  йўналиши эканини таъкидлаган эди.

Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу муассасанинг асосий мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

Мазкур институт илмий-амалий фаолиятининг асосий йўналиши мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари билан боғлиқ минтақавий жараёнлар ва халқаро муносабатлар экани қайд этилди.

Бу яқин қўшнилар билан очиқ ва конструктив сиёсат юритиш, Марказий Осиёдаги минтақавий масалалар ва муаммоларни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш  ва оқилона  ечимлар асосида  ҳал қилишдир.

Давра суҳбати қатнашчилари Марказий Осиё минтақасида музокаралар ва ривожланиш учун янги имкониятларни топиш учун майдон бўла оладиган  тузилма ташкил этиш долзарб аҳамият касб этишини қайд этди.

Тадбирда чуқур изланиш талаб этадиган долзарб масалалар, Марказий Осиё бўйича тадқиқотларга йўналтирилган ҳамда бирга ишлашга тайёр бўлган олимлар, амалиётчилар ва экспертлар, илмий, таълим, таҳлилий марказлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш формати белгилаб олинди.

Давра суҳбати якунида эксперт доиралари вакилларининг учрашувларини давом эттириш, маълумот алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. Бундай амалиёт институт ва ҳамкор ташкилотлар мақсадларини илгари суриши эътироф этилди.

ЎзА