Индонезиянинг Сулавеси оролида ер қимирлаши оқибатида ҳалок бўлгани аниқланган фуқаролар айни пайтгача 46 нафарни ташкил этмоқда.
Бу ҳақда маҳаллий “Tempo” нашри мамлакатнинг Табиий офатларга қарши кураш миллий бошқармаси (BNPB) маълумотига таяниб хабар тарқатган.
Бундан аввалги худди шу мавзуга оид ахборотда ҳодиса натижасида 42 киши нобуд бўлгани ва 637 одам жароҳатлангани айтилган.
Қайд этилишича, Индонезиянинг Ғарбий Сулавеси провинцияси ҳукумати воқеадан сўнг ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Бошқарма бошлиғи Дони Монардо яқин бир-икки ҳафта ичида вазият бекор қилиниши мумкинлиги тўғрисида баёнот берди.
«Фавқулодда ҳолат муддати чўзилиши жойлардаги вазиятга боғлиқ», – дея таъкидлади Дони.
Мазкур бошқарма томонидан провинция ҳукумати ҳамда зилзиладан бевосита зарар кўрган Мамужу ва Мажене округига жами 4 миллиард Индонезия рупийи (284 минг доллардан зиёдроқ) миқдорида ёрдам ажратилди. Шунингдек, табиий офатга қарши кураш доирасида одамларга чодир, кўрпа-тўшак, ниқоб ва бошқа энг зарур воситалар тарқатилди.
ЎзА аввал хабар берганидек, Индонезиянинг Ғарбий Сулавеси провинциясидаги Мамужу шаҳри яқинида 6,2 балли ер қимирлаши юз берди. Дастлаб ҳодиса натижасида қарийб 15 минг киши ўз яшаш жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Мамлакат президенти Жоко Видодо зилзиладан жабрланган оилаларга ҳамдардлик билдириб, маҳаллий ҳокимият масъулларига офат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрган.
ЎзА