Тадқиқотларга кўра, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга ўтиши қийин кечади. Уларнинг ижтимоий яккаланиб, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиши, жиноятчига айланиши, руҳий саломатлигининг бузилиши ва улар ҳаттоки, ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.
Мамлакатимизда Халқ таълими вазирлигига қарашли 17 та “Меҳрибонлик” уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 2 минг 47 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаганлар тарбияланмоқда. Айни пайтда улардан 316 нафари чин етим, 506 нафарининг отаси ёки онаси бор. 770 нафар бола оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир. 235 нафар кам таъминланган оила фарзандлари “Меҳрибонлик” уйларида яшамоқда. Уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор.
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги «Меҳрибонлик» уйлари ҳамда Болалар шаҳарчаларида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганиб чиқилди ва бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил Алия Юнусова ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Битта болани “Меҳрибонлик” уйида тарбиялаш ҳозирда давлатга бир ойда 2,5 миллион сўмга тушмоқда, – дейди А.Юнусова. – Бу каби ҳолатларни барча “Меҳрибонлик” ва болалар уйларида учратиш мумкин. Қашқадарё вилоятидаги 5-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари 83 нафар бўлиб, бор йўғи 15 нафари чин етим, 27 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, 4-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари 97 нафар, чин етимлар 29 нафар, кам таъминланган оиланинг фарзандлари 34 нафарни ташкил қилади.
Фарғона вилоятидаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйидаги 153 нафар тарбияланувчидан 14 нафари чин етим, 20 нафари кам таъминланган оиланинг фарзандларидир. 12-сонли “Меҳрибонлик” уйидаги 139 тарбияланувчидан 15 нафари чин етим, 6 нафари кам таъминланган оиланинг фарзандлари, 44 нафари эса ёлғиз она фарзанди.
Андижон вилояти болалар шаҳарчасидаги 90 тарбияланувчининг 23 нафари чин етим, кам таъминланган оиланинг фарзандлари 12 нафар. Бухоро вилояти 32-сонли “Меҳрибонлик” уйида 103 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 3 нафари чин етим, 18 нафарининг ё онаси, ёки отаси бор, 46 нафарининг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, 13 нафари кам таъминланган оила болалари, 6 нафарининг ота-онаси озодликдан маҳрум қилинган, 6 нафари ногирон оила фарзанди, 12 нафари ота-онаси воз кечганларни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида “етим бола” тушунчасига таъриф берилган бўлсада, “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар уйларида чин етим, чала етим, ижтимоий етим, ярим етим каби сўзлар билан етимлик тушунчасига ўзларича ёндашмоқда. “Меҳрибонлик” уйи тўғрисидаги низомга асосан кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг болалари, фақат отаси ёки онаси бор бўлган болалар ушбу оилаларни бир йилгача муддатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик қабул қилиниши, уларнинг бундан кейин “Меҳрибонлик” уйида бўлиши тарбияланувчи яшайдиган жой бўйича васийлик ва ҳомийлик органининг хулосасига кўра, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ҳал қилиниши белгиланган.
Лекин бундай болалар йиллаб муассасаларда ҳокимлар қарорлари асосида қолиб кетмоқда. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган бўлса-да, жойларда бу борадаги аҳвол қониқарли эмас.
Мониторинглар давомида ўрганилган “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари жорий йилнинг 6 ойи давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва соғломлаштириш ишлари олиб борилмаганлиги аниқланди. Тарбияланувчиларни СанҚваМ талаблари бўйича рационал овқатлантирилишига етарли эътибор берилмаяпти.
Албатта, давлатимиз томонидан бу болалар доимий эътиборда, қўллаб-қувватлаб келинади. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 12 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий етимликни янада камайтириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг талабларига асосан бола оила ғамхўрлигида ўсиши ва буни давлат томонидан таъминлашда кўмаклашиши лозимлиги кўрсатилган ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 65-моддасида ушбу норма ўз аксини топган.
Давлатимиз томонидан қабул қилинган соҳага доир Қонун ва қонун ости ҳужжатларида болаларнинг “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланишига оҳирги чора сифатида қараш лозимлиги, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муқобил тарзда жойлаштиришдан самарали фойдаланиш зарурлиги белгиланган.
Бунда болани васийлик ёки ҳомийликка бериш, болани фарзандликка бериш (бугунги кунда васийлик ва ҳомийлик органларида 66 минг бола рўйхатда турибди. Шунинг 32 минг нафари фарзандликка берилган)га алоҳида эътибор қаратилган. Болани оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида патронатга (оила тарбиясига) бериш ҳам ўзининг ижобий самарасини бериши таъкидланган.
Ўтган йил мамлакатимизда 336 нафар тарбияланувчи “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда Болалар шаҳарчаларини битирган.
Болалар оилаларга тегишли, “Меҳрибонлик” уйларига эмас.
Биринчидан, институтлаштириш болаларнинг соғлиғи ва ривожланиши (руҳий ва жисмоний ривожланиши)га салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсир болалар муассасалари барча талабларга жавоб берган ва яхши молиялаштирилган тақдирда ҳам, кузатилиши мумкин.
Иккинчидан, тажовузлар хавфининг юқори экани. Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган барча ёшдаги болалар жуда кўп тажовузларни бошдан кечиради. Жумладан, улар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ғамхўрликнинг йўқлиги, шунингдек, одам савдоси ёки эксплуатациянинг бошқа кўринишларидан азият чекиш хавфи остида бўлади.
Болалар муассасаларида жамият кўзидан панада содир бўлаётган ҳолатлар устидан доимий назорат ва кузатув олиб бориш деярли имконсиз. «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчалари бино ҳамда ҳудудларининг видеокузатув камералари билан жиҳозланиши юзаки чоралар ҳисобланади. Муаммони фақатгина васийликнинг оилавий шакллари ҳамда тутинган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш хизматлари йўли билан ҳал этиш мумкин.
Институционализация битирувчиларга балоғатга етганидан кейин ҳам муаммоларни келтириб чиқаришда давом этади.
Кўплаб оилаларда болалар одатда овқат тайёрлаш, кир ювиш, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни сотиб олиш ва бошқа шу каби майда-чуйда ишларни ўзлари қилади ва бу борада мустақил қарор қабул қила олади. Бироқ болалар уйларида бу каби ишларни бошқалар улар учун қилиб берганлари сабабли уларда боқимандалик кайфияти пайдо бўлади. Мустақил ҳаёт кўникмалари мавжуд бўлмагани натижасида улар жамиятдаги мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда чиқарилади. Қолаверса, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, болалар уйлари давлат бюджетига жуда қимматга тушади.
Иш ҳақи жамғармаси, коммунал хизматлар ва болалар уйининг биноларини сақлаш харажатлари. Молиявий харажатлар бир тараф, лекин маънавий зарарни таққослаш қийин.
Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади. Чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз.
Агарда етимхоналардан аста-секинлик билан воз кечилиб, «озод қилинган» инсоний ва молиявий ресурсларни профессионал васийлик ва ҳомийликни ривожлантиришга йўналтирсак, болаларни оилаларга тарбиялаш учун жойлаштириш орқали бюджетдан солиқ тўловчиларнинг пуллари камроқ сарфланган бўларди.
Болалар уйларини ёпиш зарурлиги ҳақида гап кетганида, биринчи навбатда, оилаларнинг ажралиб кетишига барҳам берадиган ижтимоий хизматларни ривожлантириш ҳамда ўз оилалари билан яшай олмайдиган болаларга муносиб муқобил таклифларни тақдим этиш зарур. Инсоний ва молиявий ресурсларни қайта йўналтирган ҳолда болаларни босқичма-босқич муассасалардан уларнинг эҳтиёжларига кўпроқ мос келадиган васийликнинг оилавий шаклларига ўтказиш вақти келди.
Асосийси, етимлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, ҳимояга муҳтож оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашдир.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.