Аҳоли турмуш даражасида маҳаллалардаги шароит, инфратузилма ва хизматлар сифати муҳим омил. Ислоҳотлар натижалари, соҳалардаги ўзгаришлар ҳам аввало маҳаллада сезилади.
Шу боис, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича ишни маҳаллаларда ташкил этиши, муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиши зарурлигини таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, маҳалла идорасининг ваколатини кенгайтириш, раис ва ходимларнинг моддий таъминотини яхшилаш бўйича ташаббуслар илгари сурилган эди.
Давлатимиз раҳбари шундай ишлар билан танишиш мақсадида Юнусобод туманидаги “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.
Бу ерда 7 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 2 мингдан зиёд оила мавжуд. Янги қурилган маҳалла гузари биносида кенг шароитлар яратилган.
Шу ерда Юнусобод туманидаги маҳаллалар фаоллари билан мулоқот бўлди.
– Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни. Маҳалланинг иқтисодиётини ўзгартирсак, жамиятимиз ўзгаради. Бунинг учун ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастуридан самарали фойдаланиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Кўп қаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниялари ташкил этиш, ички йўлларни таъмирлаш, маиший хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.