Фарғона шаҳрида Россия Федерациясининг йирик қурилиш компаниялари – “ПИК-Индустрия” акциядорлик жамияти ва “ТехСтрой” масъулияти чекланган жамияти томонидан таклиф этилаётган бўш иш ўринларига танлов ўтказилмоқда.

Беш кун давомида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятидан ишга бормоқчи бўлганлар монтажчи, электр пайвандчи, электр монтажчи, ғишт териш, қолиплаш каби ишларга саралаб олинади.

Ишсизлик муаммоси мамлакатимизда ҳам бошқа давлатлар қатори асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Пандемия даврида хорижда ишлаётган меҳнат мигрантлари юртимизга қайтди, ишсиз қолганлар сони янада кўпайди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг қабул қилиниши бу борада муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар четда ишлаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш борасида ечимини кутаётган муаммоларни тизимли ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижда ишга жойлаштириш, улар билан доимий мулоқот қилиш ва муаммоларини тизимли ҳал қилишни ташкил этиш каби масалаларга муҳим эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугунги кунда меҳнат мигрантлари иш берувчи компанияларни топиш, тил билиш ва ўша давлатдаги меҳнат қонунчилигини ўрганиш каби муаммоларга кўп дуч келмоқда. Эндиликда хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш тизими йўлга қўйилди.

Хусусан, Фарғона вилоятида бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази очилиб, турли касбларга ўқитишни бошлади. Фарғона туманида касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилиб, шаҳар ва туманларда 17 та филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ҳудудларда қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳам ташкил этилди. Ҳозирга қадар бу марказларда беш мингдан ортиқ аҳоли касб-ҳунарга ўқитилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят ҳудудий филиали томонидан хорижлик иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, мингдан ортиқ фуқаролар Россия Федерациясига ишга юборилди. Айни кунларда Япония, Канада, Жанубий Корея давлатларидаги иш берувчи компаниялар билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Бугун Фарғона шаҳрида бошланган танловда Андижон вилоятидан хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар иштирок этмоқда. “ПИК-Индустрия” акциядорлик жамияти ва “ТехСтрой” масъулияти чекланган жамиятининг вакиллари томонидан бўш иш ўринларига танлаб олишда рус тилини билиш даражаси, касбий малакасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Танлаб олинган меҳнат мигрантларига иш жойида барча шароитлар яратиб берилади, ижтимоий муҳофаза қилинади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, малакаси, иш ҳажмига қараб, ойига 500 доллардан -1500 долларгача иш ҳақи берилади.

– Шаҳар ва туманларимиздан хорижда қурилиш соҳасида ишламоқчи бўлган 2 минг 500 нафар ишсиз аҳолининг рўйхатини шакллантирганмиз, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев. – Улар учун махсус автобусларни ташкил қилиб, бугунги танловда қатнашишини таъминлаяпмиз. Вилоятимиз аҳолиси зич жойлашган бўлиб, ишсизлик ўткир муаммоларимиздан биридир. Пандемия даврида Андижон вилоятида салкам 57 минг нафарга яқин фуқароларимиз четдан қайтиб келган. Бугунги кунда хорижда ишламоқчи бўлганлар жуда кўп. Шу боис уларнинг касб-ҳунар ва тил ўрганиши муҳим. Бунинг учун шаҳар ва туманларимизда барча шароитлар яратилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидаги учрашувда Россиянинг мазкур компанияларида жами 14 минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросини ишга жойлаштириш имконияти мавжуд эканлиги маълум қилинган.

 

М.Сулаймонов,  М.Қодиров (сурат), ЎзА