Бугунги кунда айрим кимсалар осон пул топишни ўзларига касб қилиб олмоқда. Ҳатто, баъзи бир қўштирноқ ичидаги «ишбилармонлар» қалбаки купюралар тайёрлаб, муомалага киритишга ҳам уринишмоқда.

ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки купюралар тайёрлаб, муомалага чиқаришни режалаштирган шахс қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Термиз туманида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган «М.Х.» ўз жиноий режасини амалга ошириш учун Термиз шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирини вақтинчалик ижарага олади.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида, у ижарага олган хонадонда «Acer» русумли ноутбук, «Epson» русумли рангли принтер ҳамда 4 дона «100 000» сўмлик, 48 дона «50 000» сўмлик, 12 дона «10 000» сўмлик, жами 2 920 000 сўм миқдоридаги қалбаки пуллар борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилди.

 

ЎзА