Ижтимоий тармоқларда қоидабузарларни тасвирга олиб, тегишли идорага жўнатаётганлар билан боғлиқ баҳс-мунозаралар тинмаяпти, “самасуд” қилиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Кеча эса ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров шу йилнинг 1 мартидан бошлаб тадбиркорларга қоидабузарликларни тасвирга олувчи фото-видеолар ўрнатиш ҳуқуқи берилишини маълум қилди.

Албатта, бундай назорат кўпчиликка, айниқса, қоидабузарларга ёқмаяпти. Бундай шахслар “сотқин”, “номард”ликда айбланяпти, ҳатто Ватан “хоини”га чиқариляпти. Лекин сўнгги йилларда шунчалик кўп “авария”лар содир бўляптики, болалар қолиб, ҳатто катталар ҳам кўчага чиқишга қўрқиб қолди. Демак, бизга шундай назорат жуда-жуда зарур эди.

Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар куни 350 киши, бир йилда эса 1,3 миллиондан ортиқ одам йўл ҳодисалари қурбонига айланяпти. 50 миллиондан ортиқ инсон жароҳатланяпти.

Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткичлар анча юқори. 2019 йили 2096 киши ҳалок бўлган, 10 мингдан зиёд киши жароҳатланган. Бу рақам 2018 йилга қараганда камайган бўлса-да, битта ўлим ҳам кўп. Чунки йўлларда бундай ҳодисаларнинг кўпайишига аввало ўзимиз сабабчи бўляпмиз ва албатта, бунинг олдини олишимиз, ҳеч бўлмаганда камайтиришимиз мумкин. Бунинг учун жамоатчилик назорати янада кучайиши лозим.

Демак, инсон ҳаётига зомин бўладиган, жамиятга хавф келтирадиган ҳодисаларга қарши ҳар қандай чорани қўллаш мақсадга мувофиқ. Чунки 2096 кишининг орасида кимнингдир ота-онаси, жигари, жондан ортиқ фарзандлари бор. Бугун “стукач”лаб дод солаётганларнинг яқинлари ҳам бўлиши мумкин. Ёки уларнинг ўзлари шундай ҳодисаларни содир этишдан қўрқаяпти.

Албатта, аввало, давлатнинг ўзи ҳам ҳайдовчиларга, йўловчиларга зарур шароитларни яратиши керак. Йўллар талабга жавоб бермайди, хавфсизлик белгилари нотўғри ўрнатилган, кўп ёки умуман ўрнатилмаган. Мана шу вазият ҳам шундай ҳодисаларнинг юз беришига сабаб бўлаётгани аччиқ ҳақиқат.

Нима бўлганда ҳам, аввало, ўзимиз – ҳайдовчилар, йўловчилар кўчага чиққанда йўл қоидаларига қатъий амал қилишимиз лозим. Шундагина кутилмаган жарималарни тўламаймиз. Энг асосийси, бегуноҳ одамларнинг, ўзимизнинг ҳаётимизга хавф туғдирмаймиз.

 

Жаҳонгир ЗИЯЕВ, ЎзМТДП депутати