Заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда талаб юқори бўлган товарлардандир. Жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига беш-олти фоизга ўсаётгани, товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошаётгани унинг улкан экспорт салоҳиятидан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 8 май куни заргарлик тармоғини ривожлантириш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга шароитни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда юртимиздаги мавжуд хомашёдан самарали фойдаланиш, тармоққа фаол инвестиция жалб этиб, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш кераклигини алоҳида таъкидлаганди.

Кўп йиллар мамлакатимизда бу тармоқ эътибордан четда қолган, заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида пойтахтимиздаги собиқ “ФОНОН” илмий-ишлаб чиқариш корхонасиҳудудида “Gold Moon Tashkent” МЧЖ ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари 15 январь куни ушбу корхонага ташриф буюрди.

Лойиҳани амалга ошириш учун  20,8 миллион АҚШ доллариликмаблағ жалб этилди. Италия ва Германиянинг заргарлик тармоғида етакчи ҳисобланган фирмаларидан махсус асбоб-ускуналар келтирилди.

“Gold Moon Tashkent” МЧЖ директори ўринбосари Ҳикмат Маҳмудовнинг айтишича, турли хилдаги тайёр ва ярим тайёр заргарлик буюмларини тайёрлашга 200 дан ортиқ моҳир уста-заргарлар жалб қилинган. Ишлаб чиқариш жараёнида италиялик дизайнер ва техник ходимлар ҳунарманд заргарларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач,қимматбаҳо металлар ва тошлардан йилига 6 тонна тайёр заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади.

Заводга хомашё мамлакатимиздаги йирик тоғ-кон саноати корхоналаридан биржа савдолари орқали сотиб олинади. Заргарлик буюмлари “Фонон” бренди остида улгуржи ва чакана савдо орқали бозорга чиқарилади.

Ушбу корхона иш бошлаши маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратди. Корхона уларга ярим тайёр маҳсулот етказиб беради.

Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ҳам ташкил этилган. Бу ерда нафис услубда ишланган, жозибадорлиги ва сифати билан барчага бирдек манзур бўлувчи заргарлик буюмлари савдоси ҳам йўлга қўйилган. Савдо дўконида ҳар бир мижозга индивидуал хизмат кўрсатилади ҳамда консультант-сотувчилар томонидан мижознинг диди ва хоҳишига кўра, энг нодир заргарлик маҳсулотлари тавсия этилади.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб,  ходимлар билан мулоқот қилди.

– Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор,  – деди Шавкат Мирзиёев.  – Бизнинг мақсадимиз – ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.

Корхона “Фонон” товар белгиси остида ўзбек анъанавий заргарлик буюмларини Европа ва Италия дизайни билан янада бойитиш, асиллик даражаси ва сифатини кафолатлаш, олтинга ишлов бериш усулларини кўпайтириш орқали ноодатий тақинчоқлар ишлаб чиқариш, ҳар хил ўлчамдаги  ёмбилар савдосини йўлга қўйиш, Ҳиндистон, Африка ва Шри-Ланкада ишлов берилган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан фойдаланиб, тақинчоқлар яратишни йўлга қўйишни мақсад қилган.  Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Заргарлик соҳасини ички бозорда ривожлантириш ҳамда рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Бугунги кунда мазкур заргарлик буюмлари корхонаси ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Марказий Осиёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА мухбири