Ўзбекистон – Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун синфлар ва фанлар бўйича ўзлаштиришнинг янги стандартларини жорий этмоқда.

Бунда ҳар бир синф даражасида ўқувчилар билимини аниқ талаблар асосида белгилаш керакли кўникмаларни ўргатадиган ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни ишлаб чиқиш имконини беради. Бу Ўзбекистон иқтисодиётида муваффақиятли бўлиши учун зарур бўлган танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мактаб битирувчиларини етиштириб берадиган сифатли таълим тизимини яратишнинг фундаментал элементларидан биридир.

Жорий йилнинг 14 январидан 1 февралгача бўлган даврида таълим соҳасининг 60 дан ортиқ мутахассислари Халқ таълими вазирлиги ва USAID  молиялаштирган “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” билан ҳамкорликда ўтказиладиган таълим стандартларини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этади. Семинарнинг мақсади вазирлик ходимларини она тили  ва математика фанларидан (1-4 синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (1-11 синфлар учун) таълим стандартларининг лойиҳасини тақриз қилишга тайёрлашдан иборат.

–Бу семинар ходимларимизнинг она тили, математика ва информатика каби фанлардан таълим стандартлари лойиҳаларини пухта тақриз қилиш борасидаги малакасини оширади, – деди Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. –Аниқ стандартлар асосида ўқитиш ва билим олиш юқори сифатли таълим стандартлари асосини ташкил этади ҳамда ўқувчиларнинг билим олишдаги натижаларини янада яхшилайди.

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим тизимини тизимли ва комплекс ислоҳ қилишнинг улкан дастурини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. USAID вазирликни ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабр ойида тўрт йиллик “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” нинг ижросини бошлади. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссиссиппи давлат университети томонидан амалга оширилади.

ЎзА