Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Элликқалъа тумани Мудофаа ишлари бўлими биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда тегишли ташкилот раҳбарлари, мудофаа вазирлиги фахрийлари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида Элликқалъа тумани ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари С. Авезов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи масъул офицери, подполковник Ж.Базаров, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, подполковник Қ. Исламов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, Ватан ҳимоячиларига яратилаётган шарт-шароитларга тўхталди.
Таъкидланганидек, ёшларнинг армия, ҳарбий-ватанпарварлик тарбия ҳақидаги илк таассуроти Мудофаа ишлари бошқармаси, унинг шаҳар ва туман бўлимларида шаклланади. Элликқалъа тумани Мудофаа ишлари бўлими биноси 1987 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, ходимлар хизматни тўла шароитга эга бўлмаган хоналарда олиб боришаётган эди. Соҳага қаратилаётган эътибор сабаб туман маҳаллий бюджетидан ажратилган 740 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланди. Натижада сафарбарлик ўқувларини ўтказиш, хизмат хоналари, спорт зали, ошхона замонавий миллий дизайн асосида таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Тадбирда туман ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари С.Авезовга Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.
Иштирокчилар бинода яратилган шароитлар ва ҳарбий ўқув қурол-аслаҳалари кўргазмаси билан танишди. Шунингдек, бўлажак ҳарбийларнинг чиқишлари намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА