Савол: Кам таъминланган оилаларга бола парвариши учун ижтимоий нафақа қай тартибда берилади?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низоми тасдиқланган. Унга кўра, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан (357 минг 833 сўмдан) ортиқ бўлмаган ҳолда тайинланади.

Қуйидагилар эса болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга.

Жумладан, ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёл ёки бева эркак, ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар, болани тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар) ёрдам олиши мумкин. Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди.

Шунингдек, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар ҳамда ёлғиз пенсионерлар ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи (доимий ёки асосан яшаб турган жойи) бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса – боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.

Ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси номига берилади. Аризага илова асосида, оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар, болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари, асосан яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун доимий яшаш жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома, агар болалар васийликка олинган бўлса васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма топширилади.

Шунингдек, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Нафақа тайинлаш маҳалла томонидан тузилган комиссия қарорига кўра белгиланади. Агар асоссиз нафақа ажратИЛмаса, туман прокуратурасига мурожаат қилиш мумкин.

Бермаса, Прокуратуранинг 1007 ёки Адлия вазирлигининг 1008 қисқа ишонч телефонига шикоят қилиш ва амалий ёрдам беришларини сўраш мумкин.