Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Мен террорчи эмасман» фильми премьераси бўлиб ўтди.

Картина Ўзбекистон Республикаси ДХХ кўмагида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Mir Ali cinema” ва “Iskandariy visual” кинокомпаниялари ҳамкорлигида суратга олинган.

“Мен террорчи эмасман” бадиий фильми ўткир сюжетли ҳарбий драма жанрида бўлиб, реал воқеаларга асосланган. Унда террорчилик гуруҳларига қўшилиб қолганларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Тўғри йўлдан адашган икки ўзбек йигитининг аянчли ва ачинарли қисмати ҳикоя қилинади.

Ундаги ҳар бир тасвир тинчликнинг қадрига етишга ундайди. Жанг ҳолатлари, ўқ товушлари, ярадор инсонлар тасвири киши хаёлини ўғирлайди. Бир дам тинчлик, осуда кунлар ҳақида ўйлашга чорлайди.

Фильм сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Муҳаммад Али Искандаров, оператор Ҳусан Атабаев, постановкачи рассом Баҳриддин Шамсутдинов, композитор Жасур Бадалбоев.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий ва ички ишлар соҳа вакиллари учун ҳам фильмнинг махсус намойиши ўтказилиши режалаштирилган.

 

Д. Маматова, ЎзА