Бугун – 10 январь куни Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилисига сайловлар бўлиб ўтмоқда.

2019 йил 9 июнь куни бўлиб ўтган муддатдан аввалги президентлик сайловида ғолиб бўлган  Қасим-Жомарт Тоқаев бир қатор ислоҳатларни амалга оширди. Шундан сўнг парламентга муддатдан аввал сайлов ўтказиш масаласи кун тартибига чиқди. Аввалига сайловлар 2020 йилнинг апрелида ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо Қозоғистонда COVID-19 тарқалаши муносабати билан муддатдан аввал парламент сайловларини ўтказиш ғояси четга сурилди.

“ҚРда сайловлар тўғрисида”ги конституцион қонунга биноан Мажилисга навбатдаги сайловлар амалдаги чақириқ депутатларининг ваколати тугашидан  беш ой аввал мамлакат президенти томонидан белгиланади. Шу сабабли 2020 йил 21 октябрида  Қасим-Жомарт Тоқаев Мажилисга навбатдаги сайловлар ўтказилиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Бундан аввалги сайлов 2016 йил 20 мартида бўлиб ўтган, биринчи сессия эса ўша йилнинг  25 мартида ўтказилган эди. Шу сабабли ҳозирги депутатларнинг ваколат муддати 2021 йил 24 март куни якунланади.

Мустақил Қозоғистонда саккизинчи бор парламент сайловлари ўтказилар экан, бу йилги сайловлар янгича тартибда бўлиб ўтади. Биринчидан, сўнги 16 йилда парламент сайловлари муддатдан аввал эмас, белгиланган муддатда ўтказилади.

Бу галги сайловлар Конституцияда белгиланган муддатда – амалдаги чақириқдаги депутатлар ваколатларининг тугашидан икки ой аввал бўлиб ўтади. Қозоғистон халқлари Ассамблеяси томонидан сайланадиган депутатлар эса 11 январда саралаб олинади.

Иккинчидан, бу галги сайловлар коронавирус пандемияси шароитларида бўлиб ўтади. Бу галги сайловларнинг яна бир жиҳати, овоз беришлар сайловлар тўғрисидаги қонунчиликка киритилган ўзгартишларга биноан ўтказилмоқда.

2007 йилдан бошлаб Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) 107 нафар депутатдан иборат: 98 нафари партиявий рўйхат бўйича пропорционал сайлов тизими орқали, 9 нафари Қозоғистон халқлари Ассамблееяси томонидан сайланади.

Айни дамда Мажилисда учта сиёсий партия – “Nur Otan” (81 депутат), «Халқ коммунистлари» ва  «Ақ жол» (ҳар икки партиядан етти нафардан  депутат бор) вакиллари фаолият юритади.

“ҚРда Сайловлар тўғрисида”ги қонунга биноан парламент депутатлигига 25 ёшдан кичик бўлмаган ва сўнгги 10 йилда Қозоғистонда истиқомат қилган фуқоролар сайланиши мумкин. Судланганлиги бекор бўлмаган, шунингдек  коррупция жиноятларида хукм қилинганлар депутатлика номзод сифатида кўрсатилмайди.

Навбатдаги парламент сайлови тўғрисида фармон қабул қилинганидан сўнг президент халққа қилган мурожаатида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда парламент муҳолифати институти жорий қилинди. Эндиликда парламент Мажилиси доимий қўмиталаридан бирининг раиси ва иккита котиби парламент муҳолифати депутатлари орасидан сайланади.

Парламент муҳолифати битта сессия давомида камида бир марта парламент эшитувларини ташкиллаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, битта сессия мобайнида камида икки марта хукумат соати кун тартибини белгилаши мумкин. Бундан ташқари сиёсий партия фракцияларининг раҳбарлари парламент палаталарининг қўшма мажлисида, Мажилис ялпи йиғилишларида, Доимий қўмиталар йиғилишларида, ишчи гуруҳлар йиғилишларида, парламент эшитувлари ва бошқа тадбирларда  сўзлаш кафолати берилди.

Иккинчидан, “ҚРда Сайлов тўғрисида”ги Конституцион қонун ва “Сиёсий партиялар тўғрисида” ги қонунда илк бор хотин-қизлар ва ёшлар учун 30 фоизлик квота ажратилиши белгилаб қўйилди.

«Бу меъёр хотин-қизлар ва ёшларни парламент ва маҳаллий кенгашларга жалб қилиш учун самарали механизм бўлади ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирокини таъминлайди», – дея таъкидлади Қасим-Жомарт Тоқаев.

Учинчидан, бу галги сайловлар илк бор партия рўйхати асосида ўтказилмоқда. Сайловнинг пропорционал модели жаҳон демократик амалиётига мос келади ҳамда сиёсий тизимни мустаҳкамлашга, демократияни ривожлантиришга, сиёсий партияларнинг янада  фаоллашувига ҳисса қўшади.

Мажилиснинг  ҳозирги таркибининг ўртача ёши 56 ёшни ташкил қилади. Қонунчилликка киритилган ўзгартишлар ҳамда хотин-қизлар ва ёшларга ажратилган 30 фоизлик квота туфайли янги чақириқдаги Мажлис депутатлари янада “ёшариши» кутилмоқда.

Бу галги сайлов жараёнида яна бир янгилик ҳукмрон Nur Otan партияси томонидан амалга оширилди. Мазкур партия фуқороларни сиёсий жараёнга кенг жалб қилиш мақсадида илк бор  праймериз ўтказди. Маълумотларга кўра,  партия ичида бўлиб ўтган праймеризда 10 мингга яқин номзод қатнашган. Овоз беришда эса 662 687 киши иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цойнинг таъкидлашича, сайлов куни масофа сақлаш, ниқоб тақиш чоралари кўрилади ва сайлов участкалари дезинфекция қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тана ҳароратининг кўтарилиши ташхиси қўйилган қозоғистонликларга алоҳида овоз бериш хоналари ажратилишини айтди. Бу ҳақда 3 январь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилинган эди.

“Ҳарорат борлиги аниқланганлар умумий сайлов участкасига киритилмайди. Аммо улар учун алоҳида хона ташкил этилади, у ерда беморлар ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари мумкин”, — деди Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси раиси Айжан Эсмагамбетова.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА