Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси бош ижрочи директори Адам Болер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Делегация таркибидан АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги администратори ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Хавер Педра, Давлат департаментининг глобал аёллар муаммолари бўйича идораси раҳбари, алоҳида топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри ҳам ўрин олган.

Учрашув чоғида кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатларини янада чуқурлаштириш, Марказий Осиёдаги минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашда ҳамкорлик қилиш, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонларнинг “Стратегик шериклик мулоқотини йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарори мамнуният билан қайд этилиб, бу Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида барча йўналишлардаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратиши таъкидланди.

Иқтисодий тараққиёт, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш каби устувор йўналишларда биргаликда ишлашга тайёрлик билдирилди.

Америка томони Ўзбекистоннинг гендер тенглик таъминлаш, мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида хотин-қизлар роли ва мавқеини мустаҳкамлаш йўлида эришган ютуқларини юқори баҳолади.

Иқтисодий алоқалар ва савдони рағбатлантиришга йўналтирилган минтақалараро инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини барпо этишнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда икки томон кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокараларда АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм иштирок этди.

ЎзА