Халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр – мингни” деган мақолида чуқур маъно бор

Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз” деб таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базаси ва инфратузилмаларини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал, руҳий тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш энг устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган Мудофаа доктринаси асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган самарали жанговар тизимга айланиб бормоқда.

Халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр – мингни” деган мақолида чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан, Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, инновацион ғоялар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бошланган ишлар сифат босқичига кўтарилмоқда.

Ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ҳамда замонавий қуролли низолар хусусиятлари инобатга олинган ҳолда қўшинларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, бу йўналишларга ҳам илмий ёндашув ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, сўнгги йилларда республикамиз ва хорижий етакчи илмий марказлар билан узвий ҳамкорликни ривожлантирган ҳолда олий ҳарбий таълим муассасалари илмий салоҳиятни янада ривожлантириш, ҳарбий таълим сифатини такомиллаштириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, профессор-ўқитувчиларни услубий маҳоратини ошириш– энг муҳим масалалардан бирига айланиб бормоқда.

Таъкидлаш лозимки, бу йўналишларда олиб борилаётган ишлар, албатта, ўз  самарасини бермоқда. Яъни ҳарбий соҳада илмий тадқиқотларнинг олиб борилиши, ҳарбий хизматчиларнинг хорижий тиллар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириши кенг дунёқарашга эга ва юқори малакали ҳарбий мутахассисларнинг камол топишига, уларнинг халқаро танлов ва ҳарбий ўйинларда муносиб ўринларни эгаллаб, Қуролли Кучларимизнинг дунёдаги нуфузи ошишига кенг имкон яратди.

Алишер АЛИМОВ,

Қуролли Кучлар академияси

Илмий-тадқиқотлар институти раҳбари.

ЎзА