Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Санкт-Петербург давлат университети Россия Федерацияси Маориф вазирлиги билан ҳамкорликда хорижий тил сифатидаги рус тили бўйича II Халқаро онлайн-олимпиадасини ўтказди. Ушбу тадбир айни йўналишда мамлакатдаги энг йирик анжуманлардан биридир.

Икки босқичда бўлиб ўтган Олимпиадада 147 давлатдан 9500 дан зиёд талаба иштирок этгани ҳам мазкур мусобақанинг кўлами нақадар кенг, нуфузи қай даражада юқори эканидан далолат.

Биз учун аҳамиятли ва қувонарли жиҳати шундаки, шу кунларда эълон қилинган Олимпиада ғолиблари орасида Тошкент давлат шарқшунослик университети вакили – Туркшунослик факультети талабаси Эъзоза Иноятхўжаева ҳам бор. Тез кунларда у бошқа ғолиб ва совриндорлар қатори ташкилотчилар томонидан диплом, махсус мукофот билан тақдирланади.

– Ушбу олимпиадада қатнашиш имконияти туғилганда, рус тили бўйича ўз билимим ва қолаверса, омадимни ҳам синаб кўришга қарор қилдим, – дейди  Эъзоза Иноятхўжаева. – Табрик сўзлари битилган ва ғолиб, деб эълон қилинганим қўшимча қилинган мактубни олганим эса мен учун кутилмаган ва шу билан бирга қувончли воқеа бўлди. Университет шаънини муносиб ҳимоя қила олганимдан хурсандман, ҳаммаси учун устозларимга миннатдорлик изҳор этаман. Гарчи, мусобақада кўпчилик рақобатчи тенгқурларимни ортда қолдирган бўлсам-да, жуда бой ҳисобланадиган рус тили сирларини, ранг-баранг қирраларини эгаллашда ҳали кўп ўқишим лозимлигини ҳам англадим.

Биз ҳам ўз навбатида Эъзозани жамоамиз ва барча юртдошларимиз номидан мазкур нуфузли олимпиададаги ғалабаси муносабати билан чин дилдан қутлаймиз.

Элёр Маҳмудов,  

ТДШУ Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори