Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини ўқиб…

XXI асрнинг яна бир йили ўтди. Кўп сўзлаётганимиздан-да оғирроқ, ташвиш­лироқ келган 2020 йил мозийда қолди. Тарих саҳифаларида унинг қайси бўёқларда битилиши эса олдиндан маълум: ҳар қалай, у солномачилар қўлида кўнгилда шавқ уйғотувчи ёрқин ва ранг-баранг мозаика тусини олмаса керак…

Қудратилла РАФИҚОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари

Федерацияси раиси,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

сиёсатшунос

2020 йил ҳақида ўйлаганимда ёдимга ўтган асрнинг 66-йили тушади. Ўша йили Тошкентда даҳшатли зилзила юз берганида, биз ҳали йигирмага ҳам кирмаган ёш йигитлар эдик. Боз устига, ҳали Иккинчи жаҳон урушининг аламли хотираларининг ҳовури босилмаган, уруш кулфати одамлар юз-у кўзидан кўтарилмаган кезлар…

Ўшанда кўрганман. Пастқам томлар остидан ташқарига отилиб чиқаётган болалар, ваҳимадан туришга ҳам улгурмай, эмаклаб девордан нари интилаётган чол-кампирлар, чақалоғини бағрига босиб, изиллаб ташқарига югураётган келинлар…

Афсуски, бу кино эмас, кўз ўнгимизда юз берган воқеа, табиат фожиасининг одам боласи ҳаётига солган вайронкор қутқуси эди.

Ва айни мана шу кўргуликлар менинг ҳаётга, яшаш ва яратишга бўлган тасаввурларимни ўзгартириб юборган эди. Ва яна англаб етганманки, инсон иродасини ушлаб турадиган таянч – ишонч бўлар экан. Ўша кезларда Тошкентда бошланган улкан бунёдкорликлар одамларга шундай ишончни берган, эртанги кунга руҳлантирган эди.

2020 йилда халқимиз кўлами жиҳатдан ўша таҳликали, ўтмишимизда оғриқли из қолдирган ситамгир хотиралардан қолишмайдиган тақдир билан яна рўбарў бўлди: жаҳонни қамраб олган пандемия ва икки техноген фалокат…

2020 йилдаги воқеаларда одамларнинг асосий ишончи битта муҳим нуқтада жамланди – Президент ­Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси ва халқнинг мустаҳкам бирдамлиги!

Ўзим гувоҳ бўлган бу икки ҳаётий ҳодиса халқимиз, миллатимиз кечмиши, бугуни ва эртаси ҳақидаги менинг тасаввурларимни аниқ ва собит бир мезонга кўтаради: миллатимиз буюк ва қудратли, матонатли ва яратувчи, дунё саҳнасида мудом ўз сўзини айтиб келаётган улуғ бир миллатдир. Ҳа, кучли халқларгина буюк тарих ярата олади. Ёки, аксинча, бир ёзувчи келтирганидек, фақат қулларнинггина тарихи бўлмайди…

Президентимиз Мурожаатномасини тинглаб менда шу ва шу каби бошқа яна бир қанча мулоҳазалар туғилдики, уларни Сиз билан ўртоқлашишни лозим кўрдим…

Халқона ва самимий ҳисобот…

Миллий жамиятимизда ва янги давлатчилигимиз ҳаётида сарлавҳага айланган «Янги Ўзбекистон» истилоҳи бир атама ўлароқ бошқа, биз кўрган сиёсий ва мафкуралашган шиор ва чақириқларга қараганда хийла самимийроқ кўринади менга.

Негаки, у табиий бир жараён туфайли, очиқроғи, зарурат туфайли пайдо бўлган «сифат феномени»дир. Эҳтимол, бунинг сабабларини чорак асрлик турғунлик ва «ёпиқ» сиёсат замиридан излаш керак бўлар. Ҳеч кимни камситмаган, ўтмишга тош отмаган ҳолда айтиш мумкинки, мамлакатнинг фавқулодда очилиши, ички ва ташқи сиёсат траекторияларининг ўзгариши инқилобий даражада бир тўлқин ҳосил қилдики, у биз ҳатто кўникиб қолган кўпдан-кўп қарашларни, стереотипларни «увалантириб» юборди. Ва жамият ҳамда сиёсий ҳаётдаги шу эврилишлар янги қарашлар, ислоҳотлар, янгича яшаш ва меҳнат қилиш иштиёқи ўлароқ янги форматга ўтишга чоғланган ислоҳотларимизни номлашни тақозо этди, десам хато қилмаган бўламан.

Албатта, бу фундаментал ўзгаришлар, шу билан бирга тугал бир ғоя сифатида «Янги Ўзбекистон»га ҳам истеҳзо билан қараётганлар нафақат ташқарида, балки ичимизда ҳам бор. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

Биз мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида кўп гапираётирмиз. Аммо аксарият воизларимизнинг «нутқ»ларини эшитсангиз, аслида уларнинг ўзи бугунги ўзгаришлар ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслигини сезиб қоласиз. Тасаввурнинг етишмаслиги эса баъзиларимизни яна эски замонларнинг мумтоз усули – «ура-ура», «яшасин-яшасин» каби кампаниябозликлар сари бошламоқда.

Бироқ кечаётган жараёнлар, мамлакат ҳаётида юз бераётган глобал янгиланиш­лар шунга муҳтожми, кампаниябозликларга эҳтиёж борми?

Мен ўйлайманки, йўқ! Негаки, биз остонасида турган бу янги ҳаёт бизнинг тасаввурларимиздагидан юз чандон ўзгачароқдир. У мақтов ва зўраки қўлловларга муҳтож сунъий ҳаракат эмас, одамлар ва мамлакат тақдирини ўзгартиришга астойдил киришган, расмий медиамакон орқали фуқароларидан олқиш умидвор бўлиб турадиган эмас, аксинча, одамларнинг, оддий одамларнинг қаддини кўтаришга, уларни ҳаётга мағрур боқишга, кўраётган кунидан рози бўлиб яшаш учун зарур шароит яратиб беришга бел боғлаган, айтиш мумкин бўлса, халқпарвар, заҳматкаш халқимизнинг ўзидай содда ва самимий, жўмард ва беминнат бир ҳаракатдир.

Биз сиёсатчи ва мафкурачиларнинг кўпчилигимиз эса оёғимизга ўтган асрнинг 70 йилларида илиб олган чориғимизни судраб «эски касал»имиз «хуруж»и домида қолдик. Замон ўзгарганини, дунё янгиланганини, кўз олдимизда авлодлар алмашинуви кечганини пайқамадик.

Президент бошлаган ишлар, амалга ошираётган буюк ташаббусларни илғамадик. Ва айнан мана шу қусурларимиз жамият тафаккури ўзгаришини мудом ортга суриб келаётган омилларнинг асосийси бўлса, ажаб эмас.

Шу маънода, мен Президент Мурожаатномасини тинглар эканман, унда қилинган ишлардан мақтаниш ҳисси, амалга оширилган ўзгаришлардан ҳаволаниш кайфиятини илғамадим.

Ҳаммаси оддий, барчаси самимий гаплар. Иддао йўқ, миннат йўқ. Ўзини шу халқнинг чин фарзанди деб биладиган, Миллат ва Ватан тақдирини ҳаётидан, ширин жонидан устун қўядиган қобил ва мард бир ўғлоннинг она халқи олдидаги ҳисоби…

Юксалтирувчи куч манбаи

Моҳиятан олганда, Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси қилинган ишларга бир назар солиш, келгусидаги режаларни белгилаб олишни англатади.

Мурожаатномада эътиборимни тортган нарса шу бўлдики, Президент илк иш бошлаган кунлардаги сиёсий ракурс ўзгармаган. Жамиятдаги энг оғриқли нуқталаримиз – таълим, тиббиёт, илм-фан соҳаси ва камбағалликни қисқартириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодиётни диверсификациялаш ва ташқи сиёсатдаги ислоҳотларни изчил амалга ошириш мудом мамлакат истиқболини белгиловчи асосий омиллар ўлароқ қаралаётгани сиёсий ироданинг метинлигини, бошланган ишлар аввалбошдан пухта ўйланганини, муҳим асосларга эга эканини англатади. Қолаверса, бу ишонч ва қатъият ҳаракатларнинг жамият қатламларига сингиб, одамларимиз қалбида алангаланиб, катта илҳомбахш кучга айланаётгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Бугун мен ишонаманки, одамларимиз ўз тасаввурларида давлат ҳақидаги тушунчасини ўзгартира бошлади. Бу Мирзиёев сиёсатидаги энг катта ютуқлардан биридир.

Бунга ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ ўз кўзинг билан кўриб гувоҳ бўлганинг барибир бошқача таъсир қилар экан.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар билан биргаликда Президентимиз ташаббуси ва топшириғи билан жойлардаги аёллар муаммоларини ўрганишга киришди. Жараёнда 6 миллиондан ортиқ аёлларимизнинг муаммолари ўрганилди.

Тасаввур қилинг, шунча одамни уйма-уй юриб, ҳар бири билан юзма-юз гаплашиш осон ишми? Лекин шу кўзга қийин кўринган, мамлакат тарихида ҳам, тажрибасида ҳам бўлмаган иш уддаланди.

Жараёнда кўрдикки, узоқ йиллар ўз кучи ва Яратганнинггина мўъжизасидан бўлак умидланадиган нарсаси қолмаган аёллар, опа-сингилларимиз ўзларига кўрсатилаётган меҳрдан, оқибатдан ва ниҳоят ўз туриш-турмуши, ҳаёт тарзидан хўрлиги келиб, ҳўнграб йиғлаб юборишарди.

Улар анча йиллардан буён барча эшикларини беркитиб олган, адолат у ёқда турсин, оддийгина ўз ҳақ-ҳуқуқларини сўраса, жиноятчига чиқариб қўйишидан қўрқадиган Давлат остонасига келиб, узр сўраётгани, ёрдам беришга чоғланганини тасаввурларига сиғдиролмаётгани юз-кўзларидан кўриниб турарди.

Албатта, бу – оғир, одамнинг юрагини ўртайдиган бир ҳолат. Аммо ҳақиқат, биз узоқ йиллар ўз қарсакбозликларимиз, баландпарвоз гап-сўзларимиз билан ниқоблаб, ёпиб келган аччиқ ҳақиқатдир.

Шу дамда Лотин Америкаси адабиётининг йирик вакили Габриэль Гарсиа Маркеснинг бир гапи эсимга тушмоқда: «Мени ишонтиринг дунёни ўзгартириб юбораман».

Айни шу жараённинг ичида юрганим учун айта оламанки, давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси жамиятнинг энг катта ва энг муҳим қатлами бўлган аёлларнинг қалбига ишонч нурларини олиб кирди. Ишонч эса барча ҳаётбахш кучларнинг манбаидир.

«Ҳаётбахш учлик» модели

Жамиятни қатламларга бўлиб ўрганиш ва барча «гуруҳ»лар характери, мавжуд аҳволи ва табиатидан келиб чиқиб чоралар белгилаш, улар билан индивидуал ишлаш янги сиё­сатнинг диққатни ўта жалб этадиган яна бир жиҳатларидан, десам янглишмайман.

Бугун кўпчилик экспертлар томонидан эътироф этилаётган ушбу «ҳаётбахш учлик» модели (рухсат берсангизлар мен бу ҳаракатни шартли равишда шундай аташни таклиф қилган бўлардим) – «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар» атамаларининг пайдо бўлиб, турмушимизга сингиши ҳамда жамиятни камбағалликдан қутқаришнинг асосий сиёсий лейтмотивига айланиши бугун биз учун кўп нарсани англата бошлади.

Моҳият эътибори билан бир мақсадга қаратилган бу усул мавжуд муаммоларни енгишнинг, унга қарши курашишнинг ўзига хос аниқ шаклларини яратди.

Унга кўра, аёллар масаласи, Президентимиз таъбири билан айтганда, «…Аёлларнинг андиша қилиб, биз эркакларга айта олмаган дард-у ташвишлари, кундалик муаммолари, орзу-ниятларини уларнинг ўзидан бўлак яхши тушунадиган инсон йўқ».

Ёшлар муаммолари эса барчамиз англаб турганимиздек, бу ўй-ташвишлардан кескин фарқ қилади. Бу кўпчилик ҳолларда глобал дунёда кечаётган ўзгаришлар, юқорида айтганимиздек, ҳаётимиздаги авлодлар алмашинуви билан боғлиқ омилларни, қолаверса, жамиятдаги тектоник ва шу билан бирга яратувчилик манбаи бўлган демографик «ўсувчанлик»ни тўғри парвариш этиш, эл-юртига садоқатли, қудратли ва илмли авлодни вояга етказишни ўз ичига олади.

«Темир дафтар» эса жамият контекстида кўзга зирапчадай санчилиб турган умум йўқсилликни аниқлаш ва уни босқичма-босқич бартараф этиш вазифасини ўз «зиммаси»га олган.

Аҳамиятли ва эътироф этиш шарт бўлган жиҳат шундаки, бу модель биз аксарият ҳолларда ўрганиб қолганимиз ялтироқ қоғозга ўралган «пуч ёнғоқ» эмас, балки аниқ дастурларга эга бўлган, молиялаштирилган бир ҳаракатдир. Унинг ишлаш механизми, сарфланадиган харажатлар ва берадиган самараси пухта ҳисоб-китоб қилинган.

Мурожаатномада Президент ўзи ўйлаган, муаммога самарали ечим бўла олади, деб билган ғоясининг амалий жиҳатларини аниқ-тиниқ асослаб берди.

Синовларда тобланган миллат

Ҳақиқатан ҳам, 2020 йил оғир келди. Коронавирус пандемияси халқимизни ҳам, давлатни ҳам жиддий синовдан ўтказди. Ҳозир пандемиянинг оғир асоратлари ҳақида эмас, бир жиҳат ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Бу – оқилона сиёсат – Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билиш қобилияти, Миллат ва Ватанга бўлган чин ва самимий муҳаббати ҳақида.

Очиғи, вирус қутурган, халқ таҳликага тушган кезларда мен Мирзиёевнинг нигоҳида улуғ бир дардни – «халқ қайғуси»ни кўрдим. Тез-тез ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида асосий эътиборни пандемия вазиятларидан бошлар эди. Кўплаб қарорлар қабул қилди. Ва шунда англаб етдимки, давлат раҳбарининг хаёли мудом шунда бўлди – эл саломатлигини асраш, имкони борича, пандемияни йўқотишларсиз ўтказиш…

Аммо иқтисодиёт араваси ҳам тўхтаб қолмаслиги керак эди. Бир нафас ҳаракатсиз қолган иқтисодиётнинг истиқболда оғир депсинишлари бўлиши аниқ. Бу йўлда Шавкат Мирзиёев ўзига хос услубни қўллади – ҳар қандай шароитда ҳам иқтисодий таназзулга йўл қўймаслик.

Келинг, бу ҳақда бир халқаро эътирофни айтиб ўтсак:

«Бошқа томондан олиб қараганда, коронавирус эпидемияси ички эмас, балки глобал миқёсдаги халқаро ҳодисадир. У глобал миқёсдаги инқирозни, хусусан, глобал иқтисодий инқирозни келтириб чиқарди, – деб ёзади UzAnalytics сайтида сиёсатшунослик фанлари доктори, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Миллий тадқиқот университети «Олий иқтисодиёт мактаби» профессори Андрей Казанцев. – Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги вазият ўзига хос бўлиб чиқди, чунки бу ерда коронавирус инқирози аввалги йиллари бошланган яна бир жараён билан «кесишди». Ушбу жараён – Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом этишидир. Менимча, Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ташқаридан яхшироқ кўринади ва республика аҳолиси ушбу ислоҳотлар натижаларига етарлича баҳо бера олмаслиги мумкин. Аммо макростатистикага эътибор қаратсак, бу ислоҳотлар сезиларли иқтисодий ўсишга олиб келаётгани яққол кўзга ташланади….»

Президентнинг Мурожаатномасини тинглар эканман, пандемия шароитида ҳам халқ дарди, одамларнинг манфаатини асосий мезонга кўтариш сиёсатини янада тўлиқроқ англаб етдим.

Мана қаранг, пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу жараёнда хорижда бўлган ватандошларимиз ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Уларни ватанга қайтариш, зарур бўлса, кўмак кўрсатиш чоралари кўриш алоҳида эътиборда бўлди.

Аслида бу ниҳоятда оғир жараён эди. Ахир ўтган қарийб ўттиз йилда элдошларимиз ночорликдан тақдирини бошқа юртларда кўриш, иш топиш илинжида ватанни маълум муддатга тарк этишга кўникиб улгурган, тирикчилик важидан миллионлаб юртдошларимиз хориж тупроғида юрарди. Бундай шароитда қандай йўл тутмоқ жоиз?

Бунга ҳам хориждан назар ташласак.

Андрей Казанцев айни шу жиҳат ҳақида қуйидагича ёзади:

«Пандемия инқирози Россиядаги муҳожирлар ҳолати кескин ўзгаришига олиб келди. Маълумки, Ўзбекис­тон Россияга энг кўп меҳнат муҳожирини юборадиган Марказий Осиё мамлакати ҳисобланади. Россия­­да 2020 йили меҳнат муҳожирлари сони икки баравар камайди. Бундан ташқари, буларнинг бари катта муаммолар билан бирга юз берди. Чунки, аэропортлар мамлакатдан чиқиб кета олмаётган одамлар билан тўла эди. Ўзбекис­тон ҳукумати ўз фуқароларига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Шу ўринда бир ҳолатга эътибор бериш керакки, кўплаб бошқа давлатлар мухожир фуқароларини деярли ташлаб қўйди. Аммо Тошкент бундай йўл тутмади».

Бу эътирофда мен, энг аввало, улуғ инсоннинг иродасини, халқ дардини ўз дардига айлантира олган жасоратли ватандошимиз, миллат қаҳрамонининг қиёфасини кўраман.

Янги Ўзбекистон ғалабалари

Мен Шавкат Миромонович давлат раҳбари бўлиб иш бошлаганда кўпчилик хорижлик таҳлилчиларнинг «Мирзиёевга қийин бўлади, унга оғир сиёсий мерос қолди» деган гапларини очиғи, унча тушунмаганман.

Мана, тўрт йил у киши билан елкама-елка туриб ишлаб англадимки, дунё анча ўзгариб, биз ундан олисда қолиб кетган эканмиз. Фақатгина суверенитетни сақлаш, ҳар қандай йўл билан бўлмасин, тинчлик-хотиржамликни ушлаб туришнинг ўзи етарли эмас экан. Бу ёқда кун сайин глобаллашиб бораётган дунё, жаҳон давлатлари билан тенгма-тенг қадам ташлаш ва шу билан бирга дунё саҳнида тан олинган – легитим бир форматда тараққиёт йўлига ўтиш деган гаплар ҳам бор экан.

Ижтимоий тармоқларни кузатган одам шуни англайдики, бугунги жамият тизимдан, бошқарув тизимидан зериккан. Мустабидлик унсурларини ўзига мерос қилиб олган, биз ҳозиргача амалда қўллаб келган тизим ҳаммамиз ич-ичимиздан сезиб турганимиздек, бугунги кунларга мос келмай қолди. Президент Мурожаатномасида буни жўяли изоҳлади:

«Маҳаллий ҳокимлик ва Кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган қонун асосида ишламоқда. Бу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгилаш зарур…»

Бу гап нега бундан уч ё тўрт йил илгари эмас, бугун айтилди, деган савол туғилиши мумкин. Менинг назаримда, ўйланган ислоҳотлар босқичма-босқич, пухта режа асосида амалга оширилаётир. Яъни жамият ва сиёсий элита кўниккан тизимни «истеъмол»дан чиқариш учун аввало, уларнинг тафаккурини, қолаверса, зарур ресурсларни янгилаш талаб этилди. Шу ўринда, мен баъзи одамларнинг «нега бунча қарор-у фармонлар, қонунлар кўпайиб кетди» деган иддаоларини англагандай бўламан.

Тўғриси, кўпчилигимиз бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар моҳиятини тўлиқ англаб етмаётирмиз. Ва бу ҳолат кўпчилик ҳолларда кўз ўнгимизда Ўзбекистон бир суверен давлат сифатида тамоман янги қиёфага ўтаётганини, том маънода Янги Ўзбекистон шаклланаётганини тушуниб олишимизга монелик қилаётгандай…

Бугун шундай замон бўлдики, ҳамма сўз айтиб бировни ҳайрон қолдиришга, фавқулодда «замонамиз қаҳрамони»га айланиб шуҳрат тўнини кийишга ўранишга иштиёқманд. Ҳамма «ҳақиқатгўй», ҳамма «юртпарвар», «элпарвар» ва «адолатпарвар»… Ора-сира ўзига шу майдон, эркин сўз айтиш имконини бериб қўйган давлатга ҳам шох ташлаб қўяди. Бундан сал илгарироқ шу гапларни ёза олармидинг, дейдиган одам йўқ. «Янги Ўзбекистоннинг нимаси янги» дея тажанглик қиладиганлар ҳам бор. Ичиқоралик билан барчасини инкор этишга уринадиганлар ҳам. Қалбдаги хусумат, сохта обрў топишга бўлган тийиқсиз иштиёқ ва одамда малол қўзғовчи даволар билан тўйинган кибр бундайларни ҳар кўйга солади. Бир томондан бу – «тўйдирганнинг қорнига…» деган халқ маталини ҳам эсга солади.

Лекин нима бўлганда ҳам, ўйлаб кўрайлик-чи, сўнгги пайтларда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятини очиб берадиган бир истилоҳ ўлароқ янгиланишларнинг лейтмотивига айланиб улгурган «Янги Ўзбекистон» атамаси бизга нимани англатади? Уни ушлаб турган устунлар нима, нималар уни таниб олишимизга, англашимизга кўмаклашади? Ёки у ҳақиқатан ҳам баъзи «дўст»ларимиз иддао қилишаётганидек шунчаки ялтироқ бир гапми? Мана шуни аниқлаб олиш бугуннинг энг муҳим масалаларидан бири.

Аввало, гапни жамиятда содир бўлаётган маънавий янгиланишлар, «музлатилган» идентитет – ўзликни англаш, танитиш борасида ташланган дадил қадамлардан бошласам тўғри бўлади, деб ўйлайман. Зотан, жамиятнинг миллийлашуви биз учун кўп нарсани англатади. Ўтган 25 йиллик мустақиллик даври гарчи биз учун постколониал ўтиш даври ҳисобланса-да, миллий жабҳада биз орзу қилган, кутган натижаларни бермади. Давлат ва жамият орасида шундай бир қутбланиш ҳосил бўлдики, бу ҳаётда гибрид-дурагай ва айни пайтда миллийлик даъвосидаги неоколониал маданий мафкурани шакллантирди. Унга кўра тарих «чегараланди», миллий манфаатлар, маданий ҳис-туйғулар сиёсийлаштирилди.

Эътибор қилинг, ўтган шунча йил давомида «Миллат» сўзи сиёсий элита нутқларида неча маротаба ишлатилди? Тарихий ўзанимиз билан бевосита боғлиқ туркийлик ёки туркий қавм истилоҳлари-чи?.. Сиёсий элита нафақат бу катта ва ойдин ҳақиқатларни тан олиш, балки минбарда гапиришдан ҳам узоқ йиллар тийилиб келди.

Ва бу, ўйлайманки, давлатнинг, жамиятнинг тўлақонли миллийлаша олмаганининг асосий сабабларидан биридир. Бундай тутум эса жамиятни мураккаб колониал, постколониал ва деколониал учбурчак ичида эканини «таъминлади». Жамиятда миллий тафаккур, умуминсоний зеҳният, тил, санъат ва маданий қадриятларга қарашларнинг сиёсийлашуви ва ҳаддан зиёд мафкуралашгани миллий руҳнинг сўнишига олиб келди. Бугун мен баъзи аёнларимизнинг тушуниксиз матнларини эшитиб ёки ўқиб кўп ҳам ҳайрон қолмайман. Негаки, у аввал ўрисча фикрлаб кейин нутқини давлат тилида баён этади. Аслида бу биз, тарихи бир неча минг йилларга борадиган буюк тилнинг бугунги ворислари учун жуда уятли, йўқ, шармандали ҳол, албатта. Тарихга қарашимиз, ўзликни англаш ва тан олиш борасида ҳам биз эски ақидаларга узоқ йиллар «содиқ»лигимизни намоён этиб келдик.

Миллатимиз буюк, тарихимиз ҳеч бир халққа насиб қилмаган шонли ўтмишга эга. Мавриди келганда бу борадаги баъзи мулоҳазаларимни айтмоқчиман. Зотан, бу бизнинг ўзлигимизни белгиловчи, аслида биз ким эканимизга ҳаққоний баҳо берувчи муҳим бир омил – тарих илми ва унга бизнинг ёндашувимиз масаласидир. Кечагача шонли тарихимизни кимлар ёзиб келгани ва бизга қандай ўргатганини ҳаммамиз яхши биламиз. Улар бир нарсани ўйлашган эди. Ўтмишидан узилган, юлиб олинган миллат худди етимдай қулфеъл бўлади. Маълум маънода бу самара ҳам берди.

Бугун ҳам ҳар мақомга йўрғалаётган, ул ё бул маданиятга ҳавасманд боқаётган, ўтмишга мағзава ағдараётган тўдалар борлиги ўша сиёсат таъсири, дейиш мумкин. Лекин тарихий далил шундайки, бизнинг тарихимиз жуда кўҳна ва шу адоғи кўринмас мозий ландшафтида товланиб турган марваридлар бевосита бизга ҳам тегишлидир. Тарихда сўнмас из қолдирган, бироқ биз узоқ йиллар тайсаллаб, ўзимизни четга тортиб, бегонасираб келган умумтуркийлар яратган тарих, маданият ва тамаддунлар, бир сўз билан айтганда, беназир маданий ва илмий мерос, ҳеч шубҳасиз, бизга ҳам тегишлидир.

Мен нега бу масалага кенг тўхталдим. Шунинг учунки, янги сиёсат бизга қарийб 100 йилдан ортиқ вақт мобайнида тақиқ қўйилган тарихий ҳақиқатларни, миллий ўзлигимизни қайтиб беришдек бақувват сиёсий иродани намойиш этди. Давлат раҳбари мустақиллик даврининг ўтган ўттиз йилида илк бор БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Нафақат МИЛЛАТ, ТУРКИЙЛИК сўзларини айтиш, балки ўз мафкурасига кўра туркий бирликни англатувчи «Туркий тилли давлатлар кенгаши»га тўлақонли аъзо бўлиб қўшилди. Ва бу маданий ва миллий силжиш ҳозирданоқ ўз самарасини бера бошлади. Қўшни Афғон юртида йилнинг бир куни мамлакатда «Ўзбек тили байрами куни» этиб белгиланиши Янги Ўзбекистоннинг, Мирзиёев сиёсатининг энг катта ютуқларидан бири бўлди.

Шу ўринда «Prudent Solutions» таҳлил маркази директори, тарих фанлари номзоди Эсен Усубалиевнинг қуйидаги фикрларига эътибор қаратиш жоиз деб биламан:

«Модомики, айни пайтда Туркия «туркий дунё» номи билан ҳамкорлик ташаббускори бўлаётган экан, бу биринчи навбатда иқтисодиёт, савдо-сотиқ ва энергия ресурслари соҳаларига тегишли бўлади. Шу маънода минтақада Туркия учун ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам президент Ш. Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка тайёр экани билан боғлиқ жиддий ижобий ўзгаришлар рўй берди».

Ҳақиқатан ҳам, миллий ғурур, ўзликни танитиш борасида гап кетар экан, муҳтарам Президентимизнинг бу борадаги сиёсати минтақа ҳаётига ҳам таъсир қилаётганини яққол кўришимиз мумкин. Барчамизга маълумки, Мирзиёев ислоҳотлари бошлангунча минтақа давлатлари – қўшниларимиз ўз келажакларини мажбурий тарзда турли минтақавий ва халқаро тузилмалар, бирлашмалар мисолида кўриб келди. Ҳатто минтақадаги энг катта ва иқтисодий бақувват давлат ҳисобланмиш Қозоғистон ҳам узоқ вақт давлат сифатидаги ўзлигини Евроосиё мамлакати сифатида шакллантириб келди. Ушбу майдончадан минтақага дахлдор муаммоларни ишлаб чиқишда фойдаланди, шу билан бирга, Марказий Осиёнинг қолган қисми билан Россия ўртасидаги кўприк сифатидаги қулай ўрнини сақлаб қолди. Бироқ Шавкат Миромоновичнинг минтақа ҳаёти бўйича илгари сурган ғоя ва қарашларидан кейин қўшниларнинг минтақа идентитети – ўзига хослиги ҳақидаги қарашлари миллий мансублик нуқтаи назаридан эпик траекториясини ўзгартирди. Эсингизда бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Самарқандда «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» шиори остида халқаро конференция ўтказилган ва унда Президентимиз минтақамизнинг эртанги порлоқ куни ҳақида гапириб шундай деган эди: «Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради.»

Шундан кўп ўтмай, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам «Остона» клуби қатнашчиларига мурожаат қилар экан, шундай деган эди: «Орадан чорак аср вақт ўтиб, тарихи, дини, маданияти ва менталитети – зеҳнияти бир бўлган Марказий Осиё давлатлари билан бирга бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва минтақа хавфсизлигини биргаликда таъминлашимиз Аллоҳнинг иродаси эканини ҳаммамиз тушунамиз…»

Фалсафада шундай тушунча борки, унга кўра, барча нарса зиддига қиёсланганда ўзини ёрқинроқ кўрсатади. Шу маънода гапирганда, кечагина нафақат бизга эргашиш, балки биздан ўзини нари оладиган давлатларнинг Мирзиёев бошлаган янги сиёсатни нафақат қўллаб-қувватлаши, балки сафга қўшилиши Ўзбекистоннинг минтақада йўқотилган ўрнини қайта тиклашда муҳим роль ўйнамоқда.

Бу эса, албатта, янги Ўзбекистоннинг катта ғалабаси, десак хато қилмаган бўламиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимизнинг ташқи сиёсат, хусусан, минтақа бўйича белгилаган стратегияси йилдан-йил қатъийлашиб, тобланиб бораётгани шахсан мен учун ниҳоятда қувонарли ҳол.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада бу борада ҳам аниқ таклиф ва ниятларини баён қилгани бу борадаги сиёсатимиз ортга қайтмас йўлга тушганини англатади.

Ўзликни англаш саодати

Мен ўз чиқишларимда миллий ландшафтдаги «анъанавий» колоритлар – миллий маданият, санъат, адабиёт ҳамда тил ва тарихга ёндашувимиз ҳақида бир неча бор фикр юритганман ва бундан ҳеч қачон чекинмайман ҳам, чарчамайман ҳам. Зотан, ким нима дейишидан қатъи назар бугунги глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, мозаикадай турланиб бораётган умуммаданиятлар («оммавий маданият») гирдобида йўқ бўлиб кетмаслик, дунё саҳнасида ўз сўзимиз ва қарашларимиз билан собит туришга эришиш ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этмоқда. Хурсанд бўладиган жиҳат шундаки, Президент айни шу жабҳани ҳам давлат сиёсатининг муҳим стратегик вазифаларидан бири этиб белгилади.

Халқимизда «асл айнимас» деган ҳикматомуз гап бор. Буни марварид қанча пайт чанг-ғубор тагида ётса-да, ўз қийматини сақлаб қолади, уни артиб тозаласанг жилоси билан яна кўзларингни қамаштиради, латофатини тиклайди ва шуниси билан ҳам у қийматлидир, деган мулоҳазалар билан ҳам қувватлаш мумкин.

Бугун миллий жамиятимизда, айтиш мумкин бўлса, ана шундай заргарона «жилолаш» тенденциялари кечмоқдаки, бу юзлаб йиллар парда ортида қолиб келган буюк халқимизнинг инсоният олдидаги ўлмас хизматларини кўрсатиш билан бирга, дунёга бу ёруғ оламда шундай қудратли бир халқ бор эканини ҳам намоён этади.

Мен юқорида аждодларимиз маданияти ҳақида бекорга эсламадим.

Зотан, биз ўрганган, тарих бизга ўргатилганидан кўҳнароқ, бизга чизиб берилган рассомнинг холстидаги тасвир аслидагидан анча буюкроқдир. Президент Мирзиёев ҳаракатга келтирган «маданий силжиш» бизни бугун ана шу асл ўзлигимиз сари «суриб» бораётир.

Бироқ буни теран тушунадиган, англайдиган одам борми? Ёки буни жамият учун шарҳлаб берадиган, оддий одамларимизнинг, ёшларимизнинг қулоғига қуядиган ижтимоий қурим-институтлар-чи? Таассуфки, жамиятимизда бундай куч кўзга ташланмаяпти.

Назаримда, шу ишларни қилиши керак бўлган одамларнинг кўпи айни пайтда бир-бирига турли хилдаги кераксиз маълумотномалар, шаблон инфографикалар жўнатиш билан банд. Эски касаллик. Шу боис ҳам ижтимоий тармоқлардаги ғала-ғовурларга қулоқ тутсангиз, юқорида айтганимдай, «янги Ўзбекистоннинг нимаси янги, биз қайси йўлда кетаётирмиз» деганга ўхшаш талмовсираш ёки хусуматли қарашларга дуч келишингиз мумкин.

Жалолиддин Румийнинг бир гапи бор: «Боғ хаёли боққа, дўкон хаёли дўконга олиб боради». Ҳикматдан чиқадиган мазмун шуки, ниятнинг ижобати кўнгилдаги истак-хоҳишга боғлиқ. Албатта, ичиқоралик, кибр ва манманлик, инсон боласига ота мерос қусурлар. Бироқ қуёшни қора деб тентакларча оёқ тираб исботлашга уринганимиз билан у қора бўлиб қолмаганидек, азим ҳақиқатлар ҳам бизнинг чапанича феъл-у хуйимиз измида эмас. У ўз йўли, қонун қоидасига кўра айланадиган собит «орбита»сига эга.

Ҳаётда ўз исботини топган бир ҳақиқат бор: самимият ҳар доим самимийликка чорлайди. Эзгулик буюк ишларга, янгиланишларга доялик қилади. Президент чизиб берган эзгулик ва бунёдкорлик харитаси – Мурожаатнома бизнинг ана шундай ишларимиз учун дастуриламал вазифасини ўтайди.

Шак-шубҳа йўқки, XXI асрнинг 21 йили ҳам Янги Ўзбекистон тарихи зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак!

ЎзА