Халқаро нефть бозори шундайки, унга нафақат жаҳонда юз бераётган сиёсий ёки иқтисодий воқеалар, балки табиат ҳодисалари, экологик офатлар ҳатто бозордаги муҳим ўйинчиларнинг баёнотлари ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўтган йили нефть нархи кескин тушиб кетишига коронавирус пандемияси сабаб бўлди, десак асло хато бўлмайди.
2020 йилда бошланган пандемия жаҳон иқтисодиётининг қарийб барча соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Иқтисодиётни эса ҳоҳ у маҳсулот ишлаб чиқариш, туризм, савдо-сотиқ ёки бошқа исталган тармоқни олинг, уларни энергия қувватларисиз, яъни унинг бирламчи манбаи бўлган нефть ва газ захираларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг орқага кетиши “қора олтин”га бўлган эҳтиёжни ҳам пасайтирди. Талаб пасайса нарх тушади, бозор қонунияти шу.
ОПЕК+ нима ҳақда келишган эди?
Маълумки, ўтган йил март ойида ОПЕК+ га аъзо мамлакатлар нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича бир тўхтамга кела олмагани боис нефть нархи кескин тушиб кетди. 1 апрелда нефть қазиб олиш бўйича чеклов бекор қилинди. Ушбу учрашув якуни “қора олтин” нархи қулашига сабаб бўлди, фақат март ойининг ўзида нарх икки баробардан кўпга пастлади.
Май ойидан бошлаб эса ОПЕК+ уч ойга нефть қазиб олиш кўрсаткичини кунига 9,7 миллион баррелга камайтиришни бошлади. Августдан бошлаб альянс нефть қазиб олишни камайтиришда давом этди, лекин оз миқдорда, яъни кунлик кўрсаткич 7,7 миллион баррелга қисқартирилди ва бу ҳолат йил охиригача сақланди.
Вакцинация бошлангани ҳақдаги хабарлар нархларга қандай таъсир қилмоқда?
2021 йил “қора олтин” нархларида ҳам кескин ўзгаришлар бошланаётганини намойиш қилмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган халқаро нефть биржаси савдосида WTI маркасининг бир баррели 50 доллардан ошди. Айтиш жоиз, бу ўтган йил 26 февралдан буён энг юқори кўтарилиш бўлди.
Одатда жаҳон нефть бозорида энг қиммат ҳисобланган шимолий денгиздан олинадиган Brent нефть маркаси 4,01 фоизгача қимматлашиб бир баррели 54 долларга чиқди.
WTI маркаси эса 4,62 фоизга ошган ва 49,81 долларни ташкил этди.
Экспертлар “қора олтин” нархининг ошишига Россия билан Саудия Арабистони ОПЕК+нинг келгуси нефть савдоси бўйича келишувга эришгани ҳақида тарқалган хабар сабаб бўлган. “The Wall Street Journal” нашрининг маълумот беришича, мамлакатлар февралда ҳам жорий шартларни сақлаб қолишга ва “қора олтин” қазиб олишни оширмасликка келишиб олган.
Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак нефть нархи ошишини изоҳлар экан, бу қатор мамлакатларнинг иқтисодни рағбатлантириш чораларини кўраётгани ҳамда COVID-19 га қарши эмлаш бошлангани ҳақдаги хабарлар билан боғлиқ, деди.
Бундан аввалроқ Москва ва Ар-Риёд февраль ойида нефть қазиб олиш квоталари бўйича бир қарорга келишгани ҳақда маълум қилинган эди.
“The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, икки мамлакат ҳозиргача белгиланган нефть қазиб олиш миқдорини февраль ойида ҳам ўзгартирмасликка, баҳордан бошлаб қазиб олиш миқдорини кўпайтиришга келишиб олган. Томонлар куни кеча бир тўхтамга келишга умид қилган эди, бироқ ОПЕК+ га аъзо мамлакатлар ушбу масалада якдил фикрга кела олмади ва сешанба куни ҳам музокараларни давом эттирди.
Нархлар қайси сценарий бўйича шаклланади?
Эрон нефть вазири Бижан Занганенинг таъкидлашича, ОПЕК+ нинг кеча бўлиб ўтган учрашувида асосан иккита сценарий кўриб чиқилган. Уларнинг бири февралда кунлик нефть қазиб олиш кўрсаткичини ярим миллион баррелга ошириш, иккинчиси январь кўрсаткичларини сақлаб қолиш бўлган.
РИА Новости хабарига кўра, мазкур учрашувда Россия биринчи вариантни қўллаб-қувватлаган, саудияликлар ва бошқа мамлакатларнинг аксарияти иккинчи вариантни маъқуллаган. Ушбу мамлакатларнинг тутган йўли табиийки, пандемия туфайли нефть бозорида давом этаётган ноаниқларга асосланган.
Барчага маълум, пандемия шароитида нефть нархи тушиб кетишига асосан ривожланган мамлакатларда саноат ишлаб чиқариш пасайгани, кўпгина соҳалар фаолиятини кескин қисқартириб юборгани сабаб бўлди. Бу эса буюджет тушимлари асосан нефть ва газ савдосидан шаклланадиган мамлакатлар учун анча мураккабликларни келтириб чиқарди.
Масалан, Россия молия вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти ҳисобланган Urals нефть маркасининг 2020 йилдаги ўртача нархи 2019 йил билан солиштирганда 34 фоизга тушган.
«Urals нефть маркасининг 2020 йил январдан декабргача бўлган ўртача нархи бир баррели 41,73 долларни ташкил этди. Холбуки, 2019 йилнинг шу даврида нарх ўртача 63,59 долларни ташкил этганди”, – дейилади вазирлик хабарида.
Бундай ҳолатни нефть экспорт қилувчи бошқа мамлакатларда ҳам кузатиш мумкин. Чунки, иқтисодиёти ҳар қанча бақувват бўлмасин, бошқа экспортчи давлатлар ҳам сезиларли зарар кўрди. Агар Россия нефть сотишдан кўрадиган даромадининг 34 фоизини йўқотган бўлса, бошқа мамлакатлар ҳам шу атрофда зиён кўргани аниқ. Бу эса мамлакат иқтисодиётини мураккаб вазиятга тушириб қўядиган вазиятдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори таъкидлаганидек, 2021 йилда инсоният 2020 йилги коронавирус асоратларини бартараф қилиш билан банд бўлади. Бу дегани одамлар пандемия келтирган зирарларни бартараф қилиб, аста-секин яна аввалги ҳаёт тарзига қайта бошлайди.
Бу эса ўз-ўзидан маълум, иқтисодиётни кўтариш, пандемиядан олдинги ҳолатга қайтариш учун қилинадиган саъй-ҳаракатларни нечоғли самарали ташкил этишга боғлиқ. Ҳаётнинг ўз ўзанига тушиши иқтисодиётнинг фаоллашуви, фаол иқтисодиёт эса энергия қувватларига, яъни нефтга бўлган талабнинг оширилиши билан чамбарчас боғлиқ. Агар жараён шундай давом этса, “қора олтин” нархи ҳам яна аввалги ҳолатига қайтиши турган гап.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА