Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа ҳисобланади. Чунки, бунда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган режалар, мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Бу йилги Мурожаатномада ҳам 2020 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланди.
Президентимиз томонидан Мурожаатномада эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришга нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва ОАВларини қўллаб-қувватлашни давом эттирилиши таъкидланди. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил қилишда жамоатчилик назорати ва иштироки кенг йўлга қўйилиши, жумладан, жамоатчилик эшитувлари ва жамоатчилик мониторинги тизими жорий қилиниши, бу жараёнларга фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва фуқаролар ҳам жалб этилиши таъкидланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолияти жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилади. Чунки, бугунги кунда мамлакатни янада ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш учун инновацион ғояларни таклиф этадиган фаол, ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамияти институтлари билан давлат органлари ва бизнес бошқаруви органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар самарадорлигини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Мурожаатномада нодавлат нотижорат ва бошқа жамоат ташкилотларини рағбатлантириш механизми таклиф этилди. Бунда нодавлат нотижорат ташкилотлар турли соҳалар бўйича жамоатчилик назорати тадбирларида иштирок этадилар. Бу ижтимоий буюртма асосида таълим, тиббиёт, маданият, экология, қурилиш, транспорт, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби бугунги кунда жамиятда энг кўп муаммолар учраётган соҳаларда жамоатчилик назоратини олиб боришда кўмакдош бўладилар ва бу мақсадлар учун 2021 йилда давлат бюджетидан 60 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Энди фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан ишлатилаётган маблағлар, давлат томонидан амалга оширилаётган ишларни бевосита кузатиб бораётганликлари ҳамда муаммоларни олиб чиқаётганликлари учун уларни рағбатлантириш механизмлари жорий этилади. Мурожаатномада билдирилган ушбу таклифлар нодавлат нотижорат ташкилотларга катта бир ишонч, масъулият ва вазифа юкласа, молиявий жиҳатдан эса уларга рағбат ва мотивация беради.
Президентимиз томонидан яна бир муҳим ғоя илгари сурилди, бу ҳам бўлса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида нодавлат ташкилотларнинг доимий вакили бўлиши. Эндиликда Қонунчилик палатасида нодавлат ташкилотлари манфаатларини илгари сурувчи, ҳимоя қилувчи доимий вакил бўлиши ва у ялпи мажлисларда, Қонунчилик палатасида бўлаётган мажлисларда фаол иштирок этиши, нодавлат ташкилотлар томонидан ўрганилган, олиб чиқилган муаммолар, таҳлиллар, таклифларни депутатларга доимий равишда тақдим этиб бориши механизми яратилади.
Ушбу таклифнинг асосида чуқур маъно бор албатта. Чунки нодавлат нотижорат ташкилотлар демократик ислоҳотларнинг локомотиви ва акселератори, эркин фуқаролик жамиятининг драйвери ҳисобланади. Мамлакатимиздаги йирик жамоат ташкилотларидан бири бўлган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси республикамиздаги ННТларни интеллектуал, моддий-техникавий ресурсларини давлат ва жамият қурилишининг устувор масалаларини амалга ошириш, эркин ва очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш мақсадида бирлаштиради.
Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг даражаси ва самарадорлигини ошириш, нодавлат сектори давлат қурилишида кучли мавқега эга бўлишини таъминлаш керак, чунки нодавлат сектор ҳукуматнинг тўлақонли шериги ва мамлакат аҳолиси ва давлат ўртасидаги алоқани амалга оширувчи ижтимоий кўприк ҳисобланади. ННТлар миллий дастурларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди ва мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишига катта ҳисса қўшади. Бу фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири, чунки уларнинг аксарияти одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этишга қаратилган.
Мамлакатни барқарор ривожлантириш мақсадида давлат, бизнес ва ННТларнинг биргаликдаги ҳаракатлари учун шароит яратиш, уч тарафлама ҳамкорликни йўлга қўйиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурлиги билдирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари йўналишидаги белгиланган вазифалар жамоатчиликка ҳам ишонч, ҳам муҳим вазифа ва масъулият юклайди. Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда демократик ислоҳотлар жараёнига муносиб иштирок этишларига ишонамиз.
Насимжон Алимов,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси Кенгаши раиси.