Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлигининг махсус Штаби томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда Энергетика вазирлигининг махсус Штаби бошлиғи ўринбосари Акмал Эшонқулов ўтган йилда истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борадаги муаммолар ва уларни жойида ҳал этиш ишлари тизимли амалга оширилгани хусусида маълумот берди.

– Штаб ташаббуси билан узунлиги 130 километр бўлган янги газ тармоқлари қурилди ва таъмирланди, – деди А.Эшонқулов. – Бу ишлар самарасида 32 минг хонадоннинг табиий газ таъминотидаги муаммоси бартараф этилди. Жойларда депутатлар талаби асосида режадан ташқари қўшимча 16 дона янги трансформатор пункти ўрнатилиши туфайли 1 минг 400 хонадоннинг электр энергияси таъминоти яхшиланди. Бу ишлар узвийлигида чекка ва тоғли ҳудудлардаги “Темир дафтар”га киритилган хонадонларга 12 минг тонна кўмир маҳсулоти йўл ҳақисиз, 20 та ногирон ва боқувчисини йўқотган оилага 20 дона газ плита, 16 тонна кўмир ҳомийлик асосида етказиб берилди.

Ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича нафақат Энергетика вазирлигининг ижтимоий тармоқларида, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, балки депутатлар кенгашлари сессияларида ҳам мунтазам ҳисоботлар бериб борилди.

Дейлик, Штаб томонидан мамлакат бўйича 11 тоғли ва олис тумандаги туман депутатлари кенгаши сессияларида бу ҳақда ҳисобот берилган. Шунингдек, жойларда ўтказилган учрашувларда депутат ва маҳаллалар раислари томонидан 152 та масала кўтарилган. Улардан 101 таси жойида ҳал этилган бўлса, 51 тасини 2021 йил дастурига киритиш юзасидан топшириқлар берилган.

2021 йилда Штаб томонидан қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилган?

– Жорий йил аҳоли ва истеъмолчилар талабини қондириш мақсадида барча чоралар кўрилади. Бунда аҳоли табиий газ таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш учун газ транспорти тизими ўтказиш қувватини ошириш, табиий газ етказиб берилишидаги йуқотишларни камайтириш, кўмир қазиб чиқаришни кўпайтиришга асосий эътибор қаратилади. Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш, жумладан, иссиқлик электр станциялари қувватини ошириш, янги гидроэлектр станцияларини фойдаланишга топшириш ҳамда қуёш ва шамол энергияларидан самарали фойдаланиш лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳам жорий йилги устувор вазифаларимиздан, – деди А.Эшонқулов.

Таъкидланганидек, Штаб томонидан ҳар бир соҳа бўйича режалар белгилаб олинган. Мамлакатимизнинг барча маҳаллаларининг электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулоти билан таъминланиши бўйича олинган натажалар асосида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Манзилли дастурлар бўйича ишлар ва суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш графиклари тақдим этилади. Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш, кўмир омборлари ва дўконлари сонини оптималлаштириш, аҳолини маиший газ баллонлари билан таъминлаш ва газ баллонларини синовдан ўтказиш цехлари фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилади. Электр энергияси ва табиий газ таъминотига АСКУЭ ва АСКУГ тизимларини, биринчи навбатда, улгуржи истеъмолчилар бўйича жорий этишни якунлаш ва соҳаларда давлат хусусий шерикчиликни ривожлантириш Штабнинг жорий йилдаги муҳим вазифаларидан.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА