Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Бугунга қадар маданият соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар “Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Музейлар тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари, қолаверса, бошқа кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётган эди.
Маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Бунга жавобан “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш, маданият тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш ва бошқа қатор муҳим масалалар қамраб олинмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар сифатида кўрсатилиб, уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини оширади ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинишини таъминлайди.
Шунингдек, халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг имижини ошириш билан бир қаторда, халқлар ва минтақалар ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА