Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамда Хўжайли туманидаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи”да бўлиб, янги йил байрами билан муборакбод этди.

Бу ерда даволанувчилар ва тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Интернат уйида бугунги кунда ўзгалар парваришига, тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож, руҳиятида сезиларли нуқсони бўлган 18 ёшдан юқори I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 250 нафар аёл яшаб келмоқда. 2017-2018 йиллар давомида Инвестиция дастурига мувофиқ янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда яшовчилар учун барча шароит яратилган. Улар малакали шифокорлар томонидан йилига икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Хотин-қизлар зарур протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари билан етарли даражада таъминланган. Бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун кутубхона, спорт ўйинлари хонаси бўлиб, зарур инвентарлар билан таъминланган. Шунингдек, баскетбол, волейбол ва югуриш майдончаларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имкониятига эга. Бундан ташқари тикиш, мусиқа, рақс ва бошқа тўгараклар ташкил этилган. Байрам кунлари турли тадбирлар ўтказилиб турилади.

Тадбир сўнгида Нукус «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи директори Лидия Романовна Ким бундай эътибор ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Хўжайли туманидаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига Президент совғаларини топширди.

Меҳмонларга “Тонг ғунчалари” ансамбли томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА