Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида партия фаолларининг бир гуруҳига “Адолат” эсдалик нишони топширилди.

Бу ҳақда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мазкур нишонга сазовор бўлганларнинг аҳоли ўртасида партия обрўсининг юксалиши ва унинг нуфузини янада ошириш йўлидаги фаоллиги алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, ўтган йил давомида амалга оширилган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли вакилларига тарғиб қилишда ҳамда ёшларнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги фаоллиги учун Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгаши депутати Рауаж Отарбаев «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Байрам муносабати билан барча ходимларга партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан совғалар топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА