Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил қилинган Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги бошқармалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати йилдан-йилга яхшиланиб, уларнинг тезкорлигини оширишга, энг муҳими фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қимматли вақти тежалишига хизмат қилмоқда. Натижада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак“, деган тамойил кундалик ҳаётимизда ўз аксини топмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташкил қилинган дастлабки йили фуқаролар билан тадбиркорларга 33 турдаги давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб, Оролбўйидаги 17 та шаҳар ва туманда фаолият олиб бораётган давлат хизматлари марказларида 140 дан ортиқ хизмат кўрсатилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида марказлар томонидан жами 12285 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган булиб, шундан 4689 таси юридик шахс ва 7596 таси якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади. Шунингдек, хорижий ва хорижий  инвесторлар иштирокида 13 та корхона фаолият олиб бормоқда.

Давлат хизматлари агентлиги ташкил қилинганидан буён фақат шаҳар ва туман марказларида  эмас, балки чекка қишлоқларда аҳолига  қулайлик яратиш мақсадида сайёр хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Соҳа ходимлари ушбу ҳудудларда уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиб чиқиб, уларга кўрсатилаётган хизмат турлари, уларнинг афзалликлари тўғрисида тўлиқ маълумот бериб бормоқда. Натижада шу йилнинг 11 ойи давомида 50  мингга яқин сайёр хизмат кўрсатилди.

Давлат хизматлари агентлиги ташкил қилинганининг 3 йиллиги муносабати билан  унинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан  ўтказилган байрам тадбирида мана шулар ҳақида сўз юритилди.

Марказларда жойлаштирилган мониторларда видеороликлар қўйилиб, энг аввало мазкур хизматлардан фойдаланувчи ҳар бир фуқарога байрам кайфияти улашишга  алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тадбир барча шаҳар ва туманларда кенг нишонланди. Жумладан, Мўйноқ тумани Давлат хизматлари маркази томонидан  коллеж ўқувчилари орасида “очиқ эшиклар“ куни ташкил қилинди. Ўқувчиларга интерактив хизматлардан фойдаланишни ўргатиш бўйича кўникмалар пайдо қилиш мақсадида ҳар бир хизмат тури таништирилди. Кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланишни фаол ўзлаштирган ўқувчилар тақдирланди. Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази томонидан бу сана ўзгача тарзда нишонланиб, ёш истеъдод эгалари билан ташкил қилинган тадбир барчага яхши кайфият бағишлади.

Байрам муносабати билан Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари фаол ходимларига Фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ўз бизнесини бошлаган, шаҳар ва туман Давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган бир гуруҳ тадбиркорга ҳам байрам совғалари берилди.

 

Маҳлиё РУСТАМОВА,

 ҚДУ Қорақалпоқ  филологияси ва журналистика факультети 4-курс талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги