Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик хом ашёсидан яллиғланишга қарши ва кучли таъсирга эга, ўткир гепатит хасталигини даволаш, қондаги қанд даражасини тушириш, саратон хасталигидаги безлар ривожланишининг олдини олиш, гижжа паразитларини организмдан тозалаш хусусиятларига эга бўлган “Асфервон” субстанцияси ишлаб чиқарилди.

Пойтахтимизда мазкур “Асфервон” дори шаклидаги маҳсулотнинг тақдимоти ўтказилди. Соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳаси ходимлари, олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда маҳсулотнинг яратилиши, шифобахш хусусиятлари борасида сўз юритилди.

– “Асфервон” препарати саратон безларига таъсир қилувчи биринчи илмий ихтиролардандир, – дейди техника фанлари номзоди, “ABDU-S” хусусий корхонаси директори Абдусаттор Тўлаганов. – Маҳсулот дастлаб сичқонларда синаб кўрилганида ижобий натижа берди. Яъни 20 миллиметрли саратон безлари 8-10 миллиметргача кичрайиб, сўрилиб кетганлиги кузатилди. Узоқ изланишларимиз натижасида “Асфервон”нинг саратон безларига таъсир ўтказа олиши ва йўқ қилиш хусусиятига эга эканлиги кашф этилди.

Мазкур препарат эндиликда 2010 йилдан буён доривор ўсимликлардан биологик фаол қўшимча ва дори воситаларини ишлаб чиқараётган Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган “ABDU-S” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилади ва халқимизга арзон нархларда етказилади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА