10 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги раислиги доирасида тузилмага аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раислигида ўтган мажлисда Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашди, шунингдек, қатор ташкилий масалаларни муҳокама қилди.

А.Комилов Ўзбекистон Республикасининг МДҲдаги раислиги доирасида эришилган ижобий натижаларга тўхталаркан, режалаштирилган деярли барча тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани, аъзо давлатлар ҳамкорлиги, тузилма фаолияти кўламини янада кенгайтириш билан боғлиқ янги йўналишларни белгилаб берадиган ҳужжатлар имзоланганини таъкидлади. Жумладан, МДҲни янада ривожлантириш концепцияси янгилангани, Ҳамдўстликнинг 2030 йилгача Иқтисодий тараққиёт стратегияси, ҳарбий ва чегара ҳамкорлиги, инновация, транспорт, маданият, спорт, туризм ҳамда ёшлар бўйича 9 та дастурий ҳужжат қабул қилингани алоҳида қайд этилди.

Йиғилиш қатнашчилари эътиборига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббусининг аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Мазкур таклиф инқирозларга биргаликда жавоб қайтариш бўйича ишончли тизимни жорий этиш учун концептуал ва ҳуқуқий асос яратиши мумкинлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, дунёда пандемия ва бошқа умумбашарий таҳдидлар билан боғлиқ жараён кечаётган бир даврда Ҳамдўстлик аъзо давлатлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, мамлакатлар ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Йиғилиш якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларида 12 та қарор ва ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, МДҲ доирасида 2021 йилда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги кўп босқичли маслаҳатлашув режаси тасдиқланди, Тузилма Ижроия қўмитасидаги квотали лавозимлар келаси уч йил учун аъзо давлатлар ўртасида тақсимланиши келишиб олинди.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2021 йил апрель ойида Россия Федерациясида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА