Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Мурат Камалов Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси муваққат ишончли вакили Брис Рокфейни қабул қилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов меҳмонни ташрифи билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан таништирди. Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ижобий натижалар бераётганини таъкидлади.

Ўз навбатида меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Оролбўйидаги экологик муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишларга юқори баҳо берди.

Учрашувда истиқболдаги режалар, ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси муваққат ишончли вакили Брис Рокфей Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти минтақавий ваколатхонасининг халқаро экспертлар делегациясига ҳамроҳлик қилмоқда.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида, Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Нукус шаҳар ҳокимлигида учрашувлар ўтказиши ва И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи билан танишиши белгиланган. Халқаро экспертлар делегацияси 8-19 декабрь кунлари Ўзбекистонда аёллар ва болалар саратони касаллиги бўйича скрининг дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тиббиёт муассасалари ва скрининг лабораториялари билан танишиши режалаштирилган.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА