Мустаҳкам оила сирлари

Руҳшунос ва олимларнинг фикрича, турмуш қуриш учун энг мақбул ёш қизлар учун 22-25, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш экан. Бу ёшга бориб инсон шахс сифатида ривожланган бўлади. Турмуш қуриш масаласига масъулият билан қаралади ва бу ёшда қурилган оилалар мустаҳкам бўлади.

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан илк маротаба ёшларга, хусусан, ёш оилаларга амалий кўмак бериш мақсадида «Мустаҳкам оила сари» шиори остида ўтказилган ёш оилалар форумида ана шулар ҳақида сўз борди.

Тадбирда ёшлар ўртасида оила муқаддаслигини тарғиб этиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оилани режалаштириш, ёш оилалардаги ажрим ҳолатларининг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фарзанд тарбиясида оталарнинг ўрни каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

10.JPG

Форумда малакали психологлар, таниқли санъаткорлар, маданият ходимлари, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, ёш оилалар, оила қуриш арафасида турган ёшлар қатнашди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Д.Каттахонова ва бошқалар оила жамиятнинг асосий бўғини экани ва мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

4.JPG

Аммо, афсуски, жамиятимизда оила ва никоҳ соҳасида ўта долзарб, оғриқли бўлган муаммолар – турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, ёш оилалар ўртасида арзимаган сабаблар билан ажрашиш ҳоллари учраб турибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июндаги «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда бу каби кўнгилсиз ҳолатлар натижасида бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолаётганини қатъий танқид қилиб, ушбу долзарб муаммога эътибор қаратган эди.

Тадбирда ана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мутахассисларнинг фикрича, эрта никоҳ – 18-20 ёшгача бўлган ўсмирларнинг турмуш қуриши натижасида тузилган оилаларнинг ҳар учтадан бири турмуш қийинчиликларига бардош беролмай, оилани моддий таъминлашга қурби етмай ва оқибатда келиб чиққан оилавий низолар туфайли ажрашиб кетмоқда.

Форум доирасида «Ўзингни англа» психологик хизмат кўрсатиш маркази директори Замира Азимова, Психологлар ассоциацияси психологи Вилоят Давлетова томонидан оммавий ҳамда индивидуал суҳбатлар ташкил этилди. Санъаткорлар Шуҳрат Қаюмов, Гавҳар Зокирова, Раъно Шодиеванинг оилавий муаммоларга тўғри ёндашув ҳамда қиз фарзанд тарбиясида оталарнинг ўрни хусусидаги фикрлари тингланди. Шифокор ва ҳуқуқшунослар оилавий ҳаёт билан боғлиқ долзарб масалаларга ўзларининг муносабатини билдирди.

Форум доирасида мавзуга оид маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

 

Моҳигул Қосимова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА