Нукусда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан «Асосий қомусимиз тинчлик ва фаровон ҳаётимиз асоси» шиори остида мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, шахмат федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини ва спортни тарғиб қилишдан иборат.

Мусобақанинг очилиш маросимида таъкидланганидек, шахмат ўйини ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлан етук бўлишига, шу орқали Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти тўғрисидаги ҳуқуқий билимларини янада оширишга, ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда иштирок этган мактаб ўқувчилари турли ёш тоифаларига бўлинган ҳолда ўзаро ғолиблик учун беллашди.

Мусобақа якунига кўра, 10-11 ёш оралиғида ўтган беллашувда Ринат Султанов биринчи, Мирзабек Сапаров иккинчи, Азизбек Азатов учинчи, 14-17 ёш оралиғидаги қизлар ўртасида Бийбижамол Хожамуратова биринчи, Дилфуза Мустафаева иккинчи, Айнур Утегенова учинчи, эр болалар ўртасида Олтинбек Қалмурзоев биринчи, Азамат Қодирбоев иккинчи, Илья Бозорбоев учинчи ўринларни эгаллашди.

Ғолиблар ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА