Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг ушбу мамлакат мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Кристофер Миллер Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда етакчи роль ўйнаётгани учун миннатдорлик билдирди ва АҚШ хавфсизлик билан боғлиқ умумий муаммоларни ҳал қилишда давлатимиз билан алоқаларни давом эттиришини билдирди. Пентагон раҳбари, шунингдек, мамлакатимизнинг афғонлараро тинчлик музокаралари олиб борилиши, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши ва Марказий Осиё минтақасига интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қайд этди. Томонлар бундан кейин ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши йўлидаги ташаббусларни, барқарор сиёсий келишув мақсадини илгари суришда қатъий эканликларини тасдиқладилар.

Суҳбат давомида ҳарбий ҳамкорликни янада кенгайтириш, терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги ва мудофаа муассасалари салоҳиятини ошириш каби масалаларда яқин ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги эътироф этилди.

ЎзА